Москванинг Пресня суди тожикистонлик блогер Караматулло Жаборовни пойтахт метросида кўрсатган коронавирусга доир найранги учун икки йилу тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда унинг адвокати Роман Шахманов ТАССга маълум қилди.
Найранг (пранк)нинг қолган иштирокчилари шартли жазо олишган.
«Жаборов айбини тўлиқ бўйнига олди ва СИЗОдаги вақт ҳисобга олинганда, у уч ҳафтадан сўнг озодликка чиқиши керак, бордию прокуратура ва метро маъмурияти бу қарорга қарши даъво аризасини беришмаса. Биз суд қарорига қарши эмасмиз», — дейди адвокат.
2020 йил февраль ойида Караматулло Жаборов метро йўловчиларини касаллик талвасаси билан қўрқитган. Бу пайт унинг шериклари COVID-19 ҳақида бақириб, йўловчиларнинг ур-сур билан метро вагонини тарк этаётганларини видеога олишган.
Жаборов мазкур пранк видеони эълон қилганидан сўнг, уни безориликда айблаб қўлга олишади. Ундан шаҳарни тарк этмаслик вадаси олинади. Кейинчалик пранкернинг сўроқ-савол баённомасида кўрсатилган манзилда яшамаслиги аниқ бўлади. Шундан сўнг суд уни тергов изоляторига юборади. Прокуратура Жаборовга нисбатан тўрт йиллик қамоқ жазосини сўраган.