Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмланган, деб хабар беради республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайти давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асодовга таянган ҳолда.
«Давлатимиз раҳбари масъулиятли фуқаро сифатида вакцинация жараёнига жиддий қараганлар ва эмланиш муолажаларини тўла қабул қилиб бўлганлар. Президентимиз вакцина қабул қилаётган вақтларида Ўзбекистонда учта вакцина бўйича эмлаш олиб борилаётганди, булар Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқилган вакцина, «Спутник V» ва «AstraZeneca» вакциналари эди. Давлат раҳбари шу вакциналардан бирини қабул қилган. Айни пайтда республикамизда вакцинация жараёни жадал давом эттирилмоқда. Президентимиз халқпарвар раҳбар сифатида фуқароларни эмланишга даъват этади», — деди матбуот котиби 2 августда ўтказилган брифингда.
Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 1 ноябрига қадар аҳолининг 70 фоизини коронавирусга қарши эслаш мақсадини қўйган. 30 июль куни COVAX (COVID-19га қарши глобал эмлаш дастури. — «Фарғона» изоҳи) доирасида республикага 3 млн доза американинг Moderna препарати келтирилди. Кузда AstraZeneca ва Pfizer вакциналари келтирилиши кутилмоқда.
Бундан аввал Мирзиёев коронавирусга қарши кураш камида 10 йил давом этишини айтганди. Шунинг учун республика нафақат вакциналарни сотиб олиш, балки «Спутник V» ва ZF-UZ-VAC2001 препаратларини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни режа қилган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1 август маълумотига кўра, республикада пандемия бошланганидан бери жами 131 079 та одам COVID-19 (+863 та кунига)га чалингани, касалликдан 886 та инсон (+6 кунига) ўлгани қайд этилган. Инфекциядан тузалиб кетиш кўрсатгичи 95 фоизни ташкил этади. Август бошига келиб 1,19 млн одам коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.