Президент «Судлар тўғрисида»ги қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Судлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Янги таҳрирда қабул қилинган қонундаги асосий ўзгаришлар суд тизимининг ташкилий тузилмаларига боғлиқ. Жумладан, Тошкентда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ва улар маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни кўради.

Norma.uzнинг ёзишича, янги таҳрирдаги қонунда республика ҳудудида фаолият юритаётган барча судларнинг ваколат доирасига аниқлик киритилган.

Шунингдек, унда судларнинг мақоми ва судьялар мустақиллигининг кафолатлари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, судьялик лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар, шунингдек судьяларни, судларнинг раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланган.

35 ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.

Юридик ихтисослик бўйича камида 15 йиллик (илгари — 10 йиллик) иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йиллик (илгари — 5 йиллик) иш стажига эга бўлган шахс Олий суд судьяси бўлиши мумкин.

Юридик ихтисослик бўйича камида 10 йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ҳарбий суднинг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин.

35 ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.

Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт.

Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар рўйхати белгиланган.

Адлия вазирлигининг Telegram-канали хабарига кўра, Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг аввалги таҳрири республикада 20 йил амалда бўлди. Қонуннинг янги лойиҳаси ўтган йил охирида умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Бу — республика суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида қабул қилинган навбатдаги ҳужжатдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ