Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган кун республикада 7479 та одамнинг коронавирусга чалингани ва 81 та одамнинг ушбу инфекциядан вафот этгани қайд этилган. 27 июнда касалликнинг 6925 та ҳолати аниқланган. Пандемия бошланганидан бери Қозоғистонда 557 107 та одам COVID-19га чалинган, 462 912 та одам тузалган, 5700 та бемор ўлган.
Коронавирусни олдини олиш комиссияси 2 августдан бошлаб Нур-Султон, Олма-Ота, Шимкент, Атирау, Караганда шаҳарларида чекловлар жорий этди. Жумладан, Ashyq (фуқароларнинг ковид мақомини аниқлайдиган тиббий илова — «Фарғона» изоҳи) лойиҳасида иштирок этмаган барча корхона ва ташкилотлар фаолияти тўхтатилади. Марказий давлат идоралари, ҳокимиятлар, ҳуқуқ-тартибот органлари, тиббиёт муассасалар, ОАВ, озиқ-овқат магазинлари, аптекалар бундан мустасно. Оммавий кўнгилочар, спорт, оилавий табдирлар чекланади, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг 80 фоиз ходимлари (эмланган ва кейинги 3 ойда касалланиб тузалганлардан ташқари) масофадан туриб ишлаш тизимига ўтадилар. Юқорида номи келтирилган шаҳарларга қўшни туманларда ҳам карантин чоралари кучайтирилади.
Қозоғистон ССВ ҳар куни вакцина билан эмланган одамлар сони тўғрисида ахборот бериб боради. Бугунга келиб вакцинанинг биринчи компоненти билан 5,27 млн одам, иккила доза билан 3,53 млн қозоғистонликлар эмланган. Мамлакатнинг аксари аҳолиси Караганда фармацевтика ширкатида ишлаб чиқарилаётган россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланмоқда. Шунингдек, республикада QazVac ва хитой вакциналари ҳам қўлланилади.
Ўзбекистон ҳам бир неча кундан бери коронавирусга чалиниш бўйича ўзининг антирекордини янгилаб келмоқда. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 28 июлда 879 та одамда COVID-19 аниқланган, 539 та одамга «пневмония» ташхиси қўйилган (республикада 27 июлда 843 та коронавирус ҳолати ва 556 та пневмония бемори аниқланган). Касалликдан 6 нафар одам оламдан ўтган.
Тошкент шаҳрида 140 та, Тошкент вилоятида 109 та, Жиззахда 98 та, Сурхондарёда 95 та, Қорақалпоғистон Республикасида 90 та одамда коронавирус аниқланган. Пандемия даврида Ўзбекистонда жами коронавируснинг 127 506 та ҳолати аниқланган, 121 718 та одам тузалган, 859 та инсон инфекциядан вафот этган.
28 июлги видеоселектор мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашганини айтиб, аҳолини фаолроқ эмланишда чақирган. Президент ҳукумат «ҳар бир одамнинг саломатлиги учун курашни давом эттириши ва бунинг учун керакли маблағни сарфлаши»ни таъкидлади. Мирзиёевга кўра, РФ ҳукумати билан Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, шунингдек мамлакатда ўзбек-хитой вакцинаси ҳам ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистонда COVID-19 дан эмланиш жараёни 1 апрелдан бошланди. Бугунга келиб 1 149 687 та одам тўлиқ эмланган. Асосан ўзбекистонликларга ZF-UZ-VAC2001 хитой-ўзбек вакцинаси таклиф этилмоқда. Ушбу препарат уч марта эмланишни талаб этади. Шунингдек, республикага AstraZeneca ва россиянинг «Спутник-V» вакциналари ҳам келтирилган. 29 июль куни америкаликларнинг Moderna вакцинасидан 3 млн доза келтирилиши кутилмоқда. У COVAX ( COVID-19га қарши глобал вакцина дастури. — «Фарғона» изоҳи) лойиҳаси доирасида тақдим этилади.