«Толибон» радикал ҳаракати (Россия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) бир ўзи ҳукуматни эгаллаб олишни хоҳламаслигини билдириш билан бир қаторда музокаралар негизида янги ҳукумат тузилиши кераклиги ва президент Ашраф Ғани ўз лавозимидан кетмагунга қадар мамлакатда тинчлик бўлмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда 23 июль куни ҳаракатнинг матбуот котиби Суахил Шоҳин Associated Press агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Бизлар яккаҳокимликка ишонмаслигимизни аниқ билдирмоқчиман, зеро авваллари Афғонистонда ҳокимиятни монополлаштиришга бўлган ҳар қандай уринишлар яхши натижа бермаган. Шунинг учун бизлар бу ҳатони такрорламаймиз», — деган Шоҳин.
Шунингдек, у яқинда Қатарда бўлиб ўтган толиблар ва афғон ҳукумати ўртасидаги музокаларни илиқ баҳолаган. Шу билан бирга Шоҳин «Толибон» ҳаракати номидан токи ҳукуматни Ғани бошқарар экан, ўқ отишни бас қилиш имконсизлигини айтиб, бунга оид чақириқларни бир неча бор инкор қилди.
Толибларнинг матбуот котиби ҳаракатнинг музокаралардаги вакили ҳам саналади. Шу боис у афғон президентини «урушларга олов пурковчи» дея атаб, Афғонистонда ўтказилган сўнгги сайловларда Ғанининг овозларни сохталаштиришда айбланганини эслатиб ўтди. 2019 йилги президент сайловидан сўнг, Ғанининг асосий рақиби Абдулло Абдулло ҳозирги президент фойдасига кўплаб қонунбузарликлар содир бўлганини айтганди. Ашраф Ғани музокаралар ва Абдуллога нисбатан ён босишлар туфайлигина мамлакатнинг энг юқори лавозимини эгаллай олган.
Интервьюда Шоҳин тузилажак янги ҳукумат томонидан аёлларнинг ишлашига, таълим олишига, уйни эркак ҳамроҳлигисиз ҳам тарк этишига рухсат берилишини вада қилди. Лекин у албатта аёллар ҳижоб ёқи бош кийимида бўлиши кераклигини эслатиб ўтди. Шунингдек, у раҳбариятнинг маҳаллий аҳолига нисбатан золимлик қилмасликка доир буйруғидан чекинган дала қўмондонлари ҳарбий трибунал орқали жазоланганини маълум қилди.
Шоҳин толибларнинг Қобулни босиб олиш, провинция марказларини ишғол қилишга доир режалари йўқлиги ошкор қилди. Унинг сўзларига кўра, толибларнинг аксарият ҳудудларни босиб олишига ҳарбий ҳужумлар эмас, музокаралар сабаб бўлган. У толибларнинг мустақил равишда саккиз ҳафтада мамлакатнинг 194 туманини ўз назоратига олиши қийин кечган бўлишини таъкидлади.
«Биласизми, менга қўшиб бирорта инсон фуқаролар урушини хоҳламайди» — деди Шоҳин.
Бундан ташқари, Шоҳин АҚШ ҳарбийларига таржимонлик қилган одамларнинг толиблардан хавотирланмаслигини айтди. У «Толибон»нинг афғон иқтисодиёти туфайли Ғарб давлатларига кетмоқчи бўлганларга қарши эмаслигини қўшимча қилди.