Ўзбекистон «Дўстлик» канали орқали қозоғистонлик фермерларга сув оқимини кўпайтиради

Учрашув иштирокчилари. www.gov.kz/memleket сайти фотосурати

Ўзбекистон «Дўстлик» канали орқали Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Мақтаорол ва Жетисой туманлари фермерлари учун сув оқимини 80 дан 90 м3/с гача кўпайтиради. 19 июль куни Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги раҳбари Магзум Мирзагалиев ва Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ўртасида бўлиб ўтган учрашувда мана шундай қарорга келинди, деб хабар беради Қозоғистон вазирлигининг матбуот хизмати.

Вазирлар Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимидаги сув хўжалиги билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, Шардара сув омборига сув оқимини кўпайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, учрашувда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш Келишуви лойиҳаси кўриб чиқилди. Томонлар йил охиригача мазкур ҳужжатни тасдиқлаш процедурасини якунлашга келишиб олдилар.

Туркистон вилоятида сўғоришга кетадиган сувнинг 85 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан оқиб келади. Вилоятда 440 минг гектар экин майдони мавжуд. «Ҳозирги кунда суғориш ишларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Шу сабаб, Сирдарё ўзанидаги Дўстлик, Зах, Хоним каналларидан оқиб келаётган сув ҳажмига кўп нарсалар боғлиқ», — деганди ўтган ой вазир Магзум Мирзагалиев. Шунингдек, у Шардара омборидаги сув ҳажми ўтган йилга қараганда 550 миллион кубометрга камайганини айтиб ўтди. Шунинг учун ўлкада сув омборидан механик тарзда сув тортиш канали ва 14 та дренаж қудуқ ва насослар ишга солинган.

«Дўстлик» — Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ва Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги йирик ирригация канали ҳисобланади. У Сирдарёдаги Фарҳод ГЭСидан бошланади. Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирининг ўринбосари Серик Кожаниязов хабарига кўра, ҳукумат қирғиз томони билан июнь-август ойларида Тўхтагул сув омборидан қўшимча равишда 330 млн м3 сув берилишига келишиб олган. «Мазкур ҳажмдаги сувнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали тўсиқларсиз транзит қилинишига доир келишув мавжуд», — дея қўимча қилди вазир ўринбосари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ