Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини янги зирҳли машиналар ҳисобига кучайтиради

БМП-2М. Россия Мудофаа вазирлиги сайти фотосурати

Россиянинг Тожикистондаги 201-чи ҳарбий базасига 17 дона модернизация қилинган БМП-2М зирҳли транспорти келтирилади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ (МҲО) қўмондони Александр Лапин маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Жорий йилнинг июль охирига қадар келтириладиган зирҳли пиёдалар машиналари ҳарбийларнинг жанговар имкониятларини сезиларли даражада оширади», — деган Лапин.

Тасарруфида 201-чи дивизия бўлган Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига кўра, мазкур ҳарбий машиналар мотоўқчи бўлинмалардаги эски техникаларни янгилашга мўлжалланган.

20 июль куни ҳарбий база танкчилари Лаур полигонидан Ҳарб-Майдон полигонига қадар 200 километрли марш юришларини ўтказган. Бу амалиёт бўлажак Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий машғулотлари доирасида амалга оширилган.

Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий қўшинларининг ўқув машғулотлари 5 дан 10 августга қадар Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Ҳарб-Майдон полигонида ўтказилади. Россия ҳарбий контингенти асосини 201-чи ҳарбий база бўлинмалари, жумладан тоғли мотоўқчи, танк, артиллерия бўлинмалари ташкил этади.

Бугунги кунда Афғонистондаги вазият кескинлигича қолмоқда. 20 июль куни президент Ашраф Ғани ва бир қатор юқори лавозимдаги амалдорлар, ҳарбийлар иштирокида Қурбон Ҳайити намози ўқилаётган пайт президент саройи ракеталардан ўққа тутилди.

CNN телеканали маълумотига кўра, бу ҳужумни ИШИД (ДАИШ) террорчи гуруҳи (Россия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) бўйнига олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ