Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон афғон масаласига доир маслаҳатлар платформасини яратадилар

mfa.uz/ru сайти фотосурати

Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида янги тўрт томонлама маслаҳатлар платформасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Бу ҳақда 16 июль куни Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Қобулжонов «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилди. Мазкур баёнотнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган.

«АҚШ, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари қисқача айтганда минтақавий боғлиқликни кенгайтиришга қаратилган янги тўрт томонлама дипломатик платформани ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар.

Томонлар Афғонистондаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик минтақавий боғлиқлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайди ҳамда тинчлик ва минтақавий алоқалар ўзаро бир-бирини мустаҳкамлайди деган якдил фикрни билдиради.

Самарали халқаро савдо йўналишларини янада ривожлантириш учун тарихий имкониятни англаган ҳолда томонлар савдони кенгайтириш, транзит йўлларни яратиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда.

Томонлар ушбу ҳамкорлик шартларини ўзаро консенсус асосида белгилаб олиш учун яқин ойларда учрашишга келишиб олдилар».

Ҳозирда афғон масаласи билан боғлиқ конференциялар дунёнинг кўпгина шаҳарларида, жумладан Москвада ҳам ўтказилмоқда. Ariana news телеканалининг хабар беришича, куни-кеча Покистон Бош вазири Имрон Хон Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга қўнғироқ қилиб, уни Исломободда бўлиб ўтадиган афғон масаласига доир «махсус» конференцияга таклиф қилган.

Бу ҳақда Покистон Ахборот ва радиоэшиттириш вазири Фавад Чаудри хабар берган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, конференция 17 дан 19 июлга қадар ўтади ва бир неча афғон етакчилари унда иштирок этишини билдирган. Жумладан, Афғонистон президентининг Покистондаги махсус вакили Муҳаммад Умар Довудзай ва собиқ молия вазири Омар Заҳилвал ҳам конференцияда иштирок этади.

Америка қўшинлари Афғонистонни тарк этаётган бир даврда ҳукумат кучлари ва жангарилар ўртасидаги жанглар кучайиб бормоқда. Ўтган ҳафта «Толибон» (Россияда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган) вакиллари мамлакатнинг 85 фоиз ҳудудини назорат қилаётганларини эълон қилдилар. 15 июль куни толиблар уч ойлик тинчлик сулҳи шартларини илгари сурдилар. Бироқ, «Толибон» сиёсий офиси вакили Муҳаммад Наим РИА Новостига гап ҳарбий операциялар чекланиши ҳақида бўлиши мумкинлигини очиқлаган. Унинг сўзларига кўра, толибларда тинчлик сулҳи борасида «бирорта маълумот мавжуд эмас».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ