Тошкент, Санкт-Петербург ва Уфада Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврида кўчирилган Қуръони карим нусхаси (Мусҳафи Усмон) тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олинади, деб хабар беради Darakchi.uz. Картина Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА ) ҳамкорлигида яратилади. Суратга олиш ишларига халқаро миқёсда тарихшунос ва қуръоншунослар бош қўшадилар, Eriell Group компанияси унга молиявий қўмак беради.
Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг раиси Фирдавс Абдухолиқов, BBC Ўзбек хизмати журналисти Луиза Худайқулова ва BBC Ўзбек хизмати редактори Ҳайрулло Убайдуллаевлар иштирокида ўтказилган ZООM-конференцияда маълум бўлди .
Ҳозирда архив ҳужжатлари асосида Мусҳафи Усмоннинг 1923 йили Ўзбекистонга қайтарилиши борасида ишлар олиб борилмоқда. Фильм муаллифлари мусулмонларнинг муқаддас китоби қандай қилиб Ислом дунёсидан четга чиқиб кетгани саволига жавоб излайдилар.
«Муқаддас китоб нима учун 100 рублга сотилган? Санкт-Петербургда китобдан олинган элликта нусханинг тақдири нима бўлган? Қайси «фармон» сабаб бу бебаҳо мерос Россиянинг ислом маркази бўлмиш Уфа муфтиятига келиб қолган? Ҳазрати Усмон Мусҳафи тақдирида Лениннинг роли қандай бўлган? Айнан унинг қарори билан Қуръони карим махсус поездда Оренбург орқали Тошкентга келтирилади ва у тарихий ватанига қўним топади», — дейилади хабарда.
Фильм 1989 йили Ҳазрати Усмон Мусҳафининг Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига топширилишига доир кадрларни ўз ичига олади. Шу йили Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро кинофестивалда картинанинг тақдимоти бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон буйруқларига асосан VII асрда кийик терисига кўчиртирилган. Ҳозирда у Тошкентнинг Мўйи Муборак мадрасасида сақланмоқда.