Ўзбекистонда мобил VPNга талаб кучайиб кетди, деб хабар беради Spot.uz нашри App Annie мобил таҳлилчилар сервиси маълумотларига таянган ҳолда.
App Store VPN-иловаси дастлабки икки ўринни эгаллаган, Google Play — топ-учликка кирган, гарчи ўтган ҳафта уларга қизиқиш унча сезиларли бўлмаган бўлсада. Ўзбекистонда қонун талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бераётган ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чеклангандан сўнг VPN-иловасини юклаб олиш кучайиб кетди. Бундай чора TikTok, Twitter ва «ВКонтакте» нисбатан қўлланди.
Гап мазкур ижтимоий тармоқларни блоклаш эмас, фаолиятини чеклаш тўғрисида кетмоқда. Тошкентлик интернет фойдаланувчилари хабарига кўра, ушбу тармоқларга кириш мумкин, лекин VPNсиз улар жуда секинлик билан ишлайди.
Мазкур сайтлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 271-моддасини бузганлиги учун уларнинг фаолияти «секинлаштирилган». Зеро, қонунда «Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт», — дейилган.
Ўзбекистон ҳукумати шу йил баҳорда қонун моддаси кучга кирганидан сўнг хориж интернет-компаниялари ва ижтимоий тармоқларидан серверларни мамлакат ҳудудига кўчиришни талаб қилди. Акс ҳолда, улар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирилди.
VPN — иловаси машҳур бўла бошлаганидан кейин ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ундан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик қўлланиши тўғрисида хабарлар тарқай бошлади. Бундан олдин ҳукумат бу каби маълумотларни бир неча бор инкор қилганди. Ушбу мавзу қизғин муҳокама қилинаётган бир пайтда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразақовнинг Ўзбекистонда бир ой барча ижтимой тармоқларни блоклаш тўғрисидаги таклифи кўпчиликни жунбушга келтирди. Ҳокимга кўра, бундай йўл билан ёшларни китоб ўқишга, спорт билан шуғулланишга, ота-оналар билан мулоқотда бўлишга ундаш мумкин экан.