Ҳукумат қўшинлари Ҳайратон атрофида толиблардан ҳимояланиш учун хавфсизлик ҳалқасини туздилар

Ҳайратонга элтувчи автомобил йўлларидан бири. TOLO News фотосурати

Афғонистон шимолида «Толибон» ҳаракати (РФда тақиқланган ташкилот) жангарилари ҳужум доирасини кенгайтираётган бир пайтда ҳукумат қўшинларига қарашли юзлаб ҳарбийлар Ўзбекистон билан чегарадош Ҳайратон шаҳрини ҳимоя қилиш учун сафарбар қилинди, деб хабар беради TOLO News.

Аввали хабар берганимиздек, кейинги бир неча ҳафта ичида мамлакат шимолидаги Балх провинциясининг Калдар (Kaldar district) аҳоли пунктида ҳукумат қўшинлари ва толиблар ўртасида кескин жанглар давом этмоқда. Бу ўз навбатида Ҳайратон шаҳри ва Амударё порти орқали Ўзбекистон билан бўлаётган савдо ва транзит ишларига хавф солмоқда.

Ҳукумат кучлари чегара бўйида жойлашган шаҳардан беш километр олисдаги базада жамланган, деди TOLO Newsга афғон армиясининг «Шахин» 209-чи корпуси қўмондони ўринбосари Сайид Саъдулла Ҳошими. Шунингдек, у кейинги икки кун ичида толиблар ҳужум уюштирмаганини айтиб ўтди.

Ҳайратон шаҳри мулозимлари кейинги икки кун ичида Ўзбекистондан бирорта ҳам юк машинаси кириб келмаганини эътироф этдилар. Одатда бу ерда кунига 250 та юк машинаси чегарани кесиб ўтган.

Ҳайратон аҳли гарчи кейинги пайт оз бўлсада тинчлик ҳукм сургани билан бозорлар ёпилгани, кўпгина оилалар уйларини тарк этганини айтадилар.

Айтишларича, Балх провинциясининг тўққизта шаҳри толиблар назоратига ўтган. Бироқ, маҳаллий ҳукумат тез орада жангариларга қарши махсус операциялар бошлаш ниятида эканини маълум қилди.

Бу воқеалар АҚШ ва НАТО коалицияси йигирма йиллик ташрифдан сўнг Афғонистонни тарк этган бир даврда юз бермоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ