Ўзбекистонда серверларини мамлакатга кўчирмаган қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланди

pixabay.com сайти фотосурати

Қонун талабларига зид равишда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бераётган ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланди. Бу ҳақда 2 июль куни Ўзкомназорат хабар берди.

Гап Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг 271-моддаси бузилгани тўғрисида кетмоқда, дея аниқлик киритади агентлик. Унда «Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт» дейилган.

Ушбу қонун талабини бажармаган айрим ижтимоий тармоқлар 2 июлдан «Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри»га киритилган ва «Интернет тармоғида мазкур ресурсдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ўрнатилган тартибда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекланди», дейилади Ўзкомназорат хабарида.

Агентлик айнан қайси ижтимоий тармоқлар кўзда тутилганига аниқлик киритмаган. Бугун айрим ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари TikTok, Twitter ва ВКонтактега боғланишда қийинчиликлар юзага келганини ёзишган.

Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг баҳорида мазкур қонун моддаси кучга кирганидан сўнг хориж интернет-компаниялари ва ижтимоий тармоқларидан серверларни мамлакат ҳудудига кўчиришни талаб қилган. Акс ҳолда, улар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда