Бибкек шаҳри Свердлов тумани суди колонияда вафот этган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқмаслик тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради «Бир Дуйно Кыргызстан» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти.
Бундай қарор адвокат Айдар Сидиқовнинг Қирғизистон давлат жазони ижро этиш хизмати (ГСИН) устидан қилган шикоятига нисбатан чиқарилди. Судя ўз қарорини тергов тўхталишига доир даъво аризаси муддатдан кейин берилгани билан асослаган.
«Бир Дуйно Кыргызстан» ташкилоти юристлари 16 июнь куни судгача иш тўхтатилиши ҳақидаги қарорни икки жилдлик тергов иши билан биргаликда олишганини айтдилар. Шикоят аризасини топширишнинг сўнгги муддати — 26 июнь, шанба кунига тўғри келгани боис, ариза 28 июнь, душанба куни топширилиши керак эди.
«Ариза муддатнинг охирги куни топширилди, зеро икки жилдлик суд иши материаллари мутахассислар томонидан чуқур ўрганиб чиқишни талаб этарди», — дейди ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ходимлари. Улар суд-тиббий экспертиза хулосасини ҳам олишдан умидвор бўлишганини қўшимча қилдилар.
Ҳуқуқ ҳимоячилари судя аризани четга суриш билан ўз ваколатини суиистеъмол қилган, деб ҳисоблайдилар. Улар Суд кенгаши комиссиясига мурожаат қилганлар, суд қарорини бекор қилиш учун эса юқори инстанцияга ариза топширилади.
Асқаров 2010 йил Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган миллий низолардан сўнг бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилган. Тергов версиясига кўра, у одамларни оммавий бетартибликлар ва милиционерни ўлдиришга чақирган. Қирғизистонда суд қарорини бекор қилишга доир барча апелляция ишлари бекор қилинди.
69 ёшли Асқаров қамоқдаги маҳкумларнинг аҳволи, уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани борасида бир неча бор шикоят қилган. Асқаровнинг ўлимидан бир неча кун олдин унинг қариндошлари ва адвокатлари қамоқ маъмуриятига маҳкумнинг касал эканини етказишган. Дастлаб ГСИН ушбу маълумотни инкор қилган, Омбудсмен институти вакили қамоқхонага ташриф буюрганидан кейин Асқаровнинг ҳақиқатан касал экани аниқланган. 22 июль куни конвоирлар қўлтиқлаб Асқаровни адвокат Валириан Вахитов билан учрашувга олиб чиқишган. Ойнали тўсиқ ортидан маҳбуснинг оғир нафас олаётгани, бадани сарғайиб кетгани кўзга ташланган.
Орадан уч кун ўтиб Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг №47 қамоқхонасида вафот этди. Унинг ўлимига иккитомонлама тўлиқ пневмония касаллиги сабаб бўлган. ГСИНдагилар Асқаровнинг даволанишни хоҳламагани, кислород концентратор ниқобини улоқтириб ташлаганини таъкидлаганлар. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Аида Байжуманова ижтимоий тармоқларда Асқаровнинг 11 июнда ёзган хатини эълон қилади. Ундан Асқаровнинг яшашни хоҳлаётгани билиш мумкин, зеро у сиёсат билан қизиққан, унга инглиз тилидан ўқув китоблари берилишини сўраган.
Азимжон Асқаров 2020 йил 31 июль куни Ўзбекистонда дафн этилди. Унинг ўлими билан боғлиқ тергов ишлари деярли бир йилга чўзилди. «Бир Дуйно Кыргызстан» ташкилотининг ўтган йил баҳорда берган хабарига кўра, тергов билан ГСИН ходими Акбар Молдажиев шуғулланган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, тергов жараёнида республика суд-тиббий экспертиза маркази Асқаровнинг зўрликдан ўлганини рад этган. Ҳуқуқ ҳимоячилари экспертизага марҳумнинг ўлимига сабаб бўлган нафас олиш етишмовчилиги касаллиги билан унинг аввалги касалликлари ўртасида боғликлик, шунингдек унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилгани ёки кўрсатилмагани тўғрисида саволлар билан мурожаат қилганлар. Лекин экспертиза бунга жавоб бермаган.