Евроосия тараққиёт банки (ЕОТБ) Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзоликдан кўрадиган манфаатларига урғу берди. У ўз ҳулосаларини июль куни эълон қилган «Ўзбекистон ва ЕОИИ: иқтисодий интеграциянинг истиқболлари ва самаралари» докладида кўрсатиб ўтди.
Ҳужжатда интеграциядан Ўзбекистон ва иттифоқнинг амалдаги аъзолари кўрадиган манфаатлар таҳлил қилинади. Унда ЕОИИдан Ўзбекистонга йўналтириладиган инфратузилмавий инвестицияларнинг салмоғи йилига $1–1,5 млрд миқдорида баҳоланган. Ўзбекистонга қўшимча пул ўтказмалари миқдори йилига $1,5–2 млрд ташкил этиши мумкин. Республиканинг ЕОИИга аъзо мамлакатларига экспорти йилига қўшимча $1,2 млрд (таққослаш учун ушбу кўрсатгич 2020 йили $3 млрд ташкил этган) ўсиши кутилади.
Докладда иттифоқ аъзоларининг Ўзбекистонда саноат кооперациясини ошириши, сармояларни кўпайтириши, трансчегаравий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни фаоллаштириши айтиб ўтилади.
Доклад муаллифлари Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишида меҳнат мигрантларининг ҳам кўрадиган манфаатларига урғу берадилар.
«Марказий Осиёдаги энг йирик ва стратегик ҳамкор бўлмиш Ўзбекистонсиз минтақа ривожини тасаввур қилиш қийин, — дейди ЕОТБ бош иқтисодчиси Евгений Винокуров. — Бу гап транспорт, логистика ва сув -энергетика мажмуаларига таалуқли. Мазкур соҳаларнинг мувозанати ва ютуқлари Ўзбекистоннинг минтақавий ва евроосиё интеграция жараёнларидаги иштирокига боғлиқ. Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан фаол иқтисодий интеграцияси минтақадаги иқтисодий ҳамкорликнинг «йўлчи юлдузи» бўлиши мумкин».
Бундан олдин Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишидаги «сезиларли плюслар» тўғрисида Россия Бош вазири Михаил Мишустин гапириб ўтганди.
2019 йил 2 октябрда Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш нияти маълум бўлди. Буни Россия сенати скипери Валентина Матвиенко ошкор қилди. Ўзбекистон ҳукумати Евроосиё бирлашувидан манфаатдор бўлишини тасдиқлаб, ҳозирча иттифоққа аъзо бўлишдаги «плюс ва минуслар» ўрганилаётганини таъкидлади. Шундан сўнг жамиятда ушбу иттифоққа кириш-кирмаслик ҳақида бахс-мунозаралар бошланиб кетди. Кейинчалик Ўзбекистон ушбу иттифоқда кузатувчи мақомида иштирок этишини маълум қилди.