Шу йилнинг 1 июль куни Тошкент шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарларининг ўринбосарлари ҳамда Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби ўринбосари иштирок этиши кутилмоқда.
Йиғилишда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ташқи сиёсат соҳасидаги умумий таҳдидлар ва хавф-хатарлар муҳокама қиланади, дея таъкидлайди ТИВ матбуот хизмати.
Мулоқотнинг аввалги раунди ўтган йили октябрь ойида онлайн-форматида бўлиб ўтганди. Унда кун тартибига қўйилган асосий масалалардан бири – Афғонистонни «минтақадаги ижтимоий ва иқтисодий жараёнларга фаол жалб этиш орқали» мамлакатда тинчлик ўрнатиш масаласи бўлган. Бўлажак учрашувда Афғонистонни АҚШ ва НАТО қўшинлари тарк этиши туфайли «Толибон» ҳаракати (РФда тақиқланган ташкилот)нинг фаоллашуви масаласи диққат марказида бўлиши мумкин.
«Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқот 2013 йилдан бери мунтазам равишда ўтказиб келинади. Учрашувлар Брюссель ва аъзо мамлакатлар пойтахтларида уюштирилади.



