Ўзбекистон ва Туркия умумий қиймати $700 млн бўлган ҳужжатларни имзолади

Бизнес-форум иштирокчилари. mift.uz сайти фотосурати

Шу ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-турк бизнес-форумида умумий қиймати $679 млн 25 та ҳужжат имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати.

Жумладан, 514,7 млн. долларга тенг бўлган 10 та инвестиция лойиҳаси бўйича ҳужжатлар ҳамда 165,2 млн. долларлик 15 та савдо шартномалари имзоланди, — дейилади вазирлик хабарида. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай, шунингдек тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирок этдилар.

«Мамлакатда ўз фаолиятини амалга ошираётган ҳар бир турк инвестори билан лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида иш олиб борилаётганлиги таъкидланди. Бундан ташқари, Туркия инвестицияларини жалб этиш ва Туркия бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қўшимча заҳира ва имкониятлар ўрганилмоқда», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

28 июнь куни Тошкентда бизнес-форумдан ташқари Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги инвестиция, савдо-иқтисодий, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Хусусан, яқин келажакда томонлар Имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув лойиҳасини тасдиқлаш бўйича ишлар якунланиши кутилмоқда. Битим шу йил ўтказилиши режалаштирилган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида имзоланиши кутилмоқда.

«Хитой – Марказий Осиё – Кавказ – Европа» транспорт йўлагининг юк билан таъминланганлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга оид саъй-ҳаракатлар бирлаштирилади. Бу ўзаро савдони ривожлантириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини юксалтиришга қаратилган қўшимча шарт – шароитларни шакллантиради.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия темир йўл ташкилотлари томонидан имзоланган “Транзит тарифларига чегирмалар тақдим этиш тўғрисида”ги шартномага Туркия Давлат темир йўл корпорациясининг қўшилиши ҳақидаги қарор қабул қилинишини тезлаштиришга келишиб олдилар.

Учрашув доирасида балиқчилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, “Ченгиз Энерджи” компанияси билан Сирдарё вилоятида 240 МВт қувватга эга комбинациялашган циклли буғ-газ электр станциясини қуриш бўйича инвестициявий Битим ва “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини сотиб олиш бўйича тегишли келишув имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ