Эмомали Раҳмон Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Эмомали Раҳмон. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Афғонистондаги бугунги вазият борасида фикр алмашди, деб хабар беради тожик етакчисининг матбуот хизмати.

Телефон орқали мулоқотда давлат раҳбарлари бугунги кунда қўшни Афғонистонда, хусусан, унинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида, икки мамлакатнинг Афғонистон билан давлат чегараси ўтадиган ҳудудлари бўйлаб вужудга келаётган таҳликали вазиятни муҳокама қилдилар», — дейилади хабарда.

Икки давлат раҳбарлари қўшни Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, Эмомали Раҳмон Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ҳам Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилган. Давлат раҳбарлари бу ўлкада хавфсизлик борасида вазият кескинлашганидан ҳавотирда эканларини таъкидлаб, «икки мамлакат ўртасида хавфсизликка далхдор хизмат ва идораларнинг икки ва кўптомонлама ҳамкорлигини мувофиқлаштириб бориш зарур» лигини эътироф этдилар.

«Фарғона» аввал хабар қилганидек, Толибон ҳаракати (РФда террорчи деб тан олинган ва расман тақиқланган ташкилот ) Афғонистонни Америка ва НАТО қўшинлари тарк эта бошлаганидан сўнг мамлакатда назоратини кенгайтира бошлаган.

Кейинги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўртта вилоятида ҳукумат қўшинлари ва толиблар ўртасида кескин жанглар давом этмоқда. Натижада Чахёб, Янги Қалъа, Даркад, Дашти Қала, Хўжагор, Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қундуз вилоятининг Қалаи Зол аҳоли пункти, шунингдек «Шерхон-Бандар» ва «Кокул» чегара пунктлари толиблар назоратига ўтган.

21 июнь куни «Толибон»нинг «Шерхон-Бандар» божхона ва савдо пунктига уюштирган ҳужумидан сўнг Афғонистон ҳукумати қўшинларининг 134 нафар ҳарбийси тожик-афғон чегарасини кесиб ўтишга мажбур бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ