Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқланди

pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда коронавируснинг энг хавфли кўринишларидан бири — «дельта» штамми аниқланган. У, шунингдек «ҳиндча» ёки «B.1.617» деб ҳам номланади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги «Газете.uz» нашрига маълум қилган.

Инфекциянинг «дельта» штамми ҳозирда энг тез тарқаладиган ва ўта хавфли вирус ҳисобланади. Вазирликка кўра, у мамлакатда бундан бир неча кун олдин аниқланган.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шифокорлар мазкур касалликнинг оғир формасига чалинганлар ортганини таъкидлайдилар. Podrobno.uz нашрига кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев сўнгги пайтларда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кескин кўпаяётганига изоҳ бериб, бунга асосий сабаб вакцина қилинганлар фоизининг камлиги, эмланишни хоҳламаслик ҳамда ижтимоий масофаланиш ва бошқа карантин чекловларига амал қилмаслик эканлигини таъкидлаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID бўйича техник раҳбари Мария Ван Керкхове ҳозирда коронавируснинг дельта-штамми дунёнинг 92 мамлакатида тарқаганини маълум қилган. У Қўшма Штатларида аниқланган ковиднинг 10 фоизини ташкил этади ва яқин орада бу мамлакатда касалланганларнинг аксариятини ўз домига тортиши мумкин.

COVID-19 нинг аввалги турларига нисбатан «ҳиндча» штамми 60 фоизга юқумлироқ ҳисобланади. 21 июнь куни Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда коронавируснинг янги штамми— «дельта плюс» (B.1.617.2.1) аниқланганини маълум қилди. 20 нафар ҳиндистонлик ушбу штаммга чалингани қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ