2021 йил 22 июнь Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари қўшма комиссиясининг мажлисида томонлар Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) филиалини очиш ва “Ипак йўли дурдонаси” кинофестивали доирасида ҳамкорлик қилиш массалаларини муҳокама қилдилар.
Бу ҳақда Ўзбекистон кинематография агентлигининг ахборот хизмати хабар қилади.
Муҳокамалар давомида “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида рус киноси кунларини ўтказиш бўйича ташаббус илгари сурилди. Россия томони Ўзбекистон тарафининг бу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Россия Маданият вазири Ольга Любимова Бутунроссия давлат кинематография институти филиалининг Тошкентда очилишини олқишлади. Учрашув иштирокчилари филиални очиш бўйича барча зарур ишлар амалга оширилишини маълум қилдилар.
Тадбир давомида Бутунроссия давлат кинематография институти ректори Владимир Малишев Ўзбекистон кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашди. Томонлар Тошкентда очилиши режалаштирилаётган Бутунроссия давлат кинематография институти филиали билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Учрашувда ВГИК раҳбарияти билан тузилган шартнома мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун қўйилган муҳим қадамлардан бири эканлиги таъкидланди.
— Ҳозирда 7 нафар ўзбекистонлик ёшлар ВГИКда таълим олаётган бўлса, жорий йил яна 30 нафар абитуриент ушбу олий таълим муассасасининг талабаси бўлиши кутилмоқда, — деди Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов. — Бундан ташқари, яна 15 нафар ёшларни институтнинг актёрлик устахоналарида таҳсил олишга юборишни режалаштирганмиз. Ёш киноижодкорларнинг таълим олишини яхшилашнинг энг муҳим йўли бу – Тошкентда ВГИК филиалининг ташкил қилиниши бўлади. Филиал тақдимотини “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказишни мақсад қилганмиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан қайта тикланаётган Тошкент халқаро кинофестивали шу йилнинг 28 сентябридан 3 октябригача бўлиб ўтади.
Тошкентда ВГИК филиалини очиш масаласи Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йилги «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қароридан ўрин олганди.