22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда биологик қуролларни ишлаб чиқарувчи лабораториялар мавжуд эмаслигига доир баёнот тарқатди.
«Ўзбекистон Республикаси сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан биохавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги гўёки яқин жойлашган давлатлар учун хавф туғдираётгани борасидаги асоссиз баёнотлар тарқалиши кузатилаётганини қайд этади.
Бир қатор ОАВда Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотларнинг мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигига эътибор қаратамиз.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроқларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди.
Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг бундай баёнот беришига кейинги пайтларда россиялик мулозим ва сиёсатчиларнинг чиқишлари сабаб бўлган кўринади. Жорий йилнинг апрель ойида РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев «Коммерсантъ» газетасига берган интерьюсида «АҚШ назорати остида Россия ва Хитой чегараларида янги биолабораториялар мавжуд» эканини таъкидлади. Шу пайтнинг ўзида Россия Давлат думаси депутати Геннадий Онишченко (Ўзбекистонни тилга олмаган ҳолда) «АҚШнинг МДҲ давлатларидаги биолабораториялари хавф туғдираётгани» ни тилга олганди. 2018 йил Россия Қуролли кучларининг радиациавий, кимёвий ва билологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игорь Кириллов Украина, Озарбайжон ва Ўзбекистонда Пентагон назоратидаги лабораториялар реконструкция қилинаётганини маълум қилганди.
Газета.Uz нашрига кўра, 2016 йил октябрь ойида АҚШнинг биотерроризм хавфларини камайтириш Агентлиги (DTRA) иштирокида Урганчда минтақавий диагностика лабораторияси ташкил этилган. 2017 йил апрелда Тошкентда АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика қилиш Маркази (CDC) кўмагида Микробларга қарши препаратларнинг резистентлигига қарши кураш Миллий маркази очилган.