Пандемияга қарамасдан дунёда зўравонлик, таъқиблар ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши оқибатида ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган одамларнинг сони 82,4 миллионга етди, дейилади 18 июнда чоп этилган БМТ Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссар бошқармаси ҳисоботида.
2019 йил сўнггида қочқинлар сони 79,5 млн одамдан иборат бўлган, 12 ойдаги умумий ўсиш 4 фоизни ташкил этган. Уларнинг 48 миллиони мамлакат ичида ўз уйини тарк этиб, бошқа жойга кўчиб кетишга мажбур бўлган одамлар ҳисобланади. Эфиопия, Судан, Сахел давлатлари, Мозамбик, Яман, Афғонистон ва Колумбиядаги кризислар туфайли бу каби одамларнинг сони 2,3 миллионга ошган.
Ҳисоботда 20,7 млн қочқинлар БМТ мандати остида экани, 5,7 млн фаластин ва 3,9 млн венесуэла қочқинлари мавжудлиги таъкидланади. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда 4,1 млн одам турли мамлакатлардан бошпана ишлаётгани тилга олинган.
«2020 йил — дунё бўйлаб қўчиб кетишга мажбур бўлган одамларнинг кўлами ортиб бораётган тўққизчи йил ҳисобланади. Ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган одамлар сони дунё аҳолисининг бир фоизини ташкил этади, 2011 йили қочқинлар 40 миллиондан сал камроқ эди», — дейилади ҳисоботда.
Чет элга қочиб кетишга мажбур бўлганларнинг учдан икки қисми — Сурия, Венесуэла, Афғонистон, Жанубий Судан ва Мьянма мамлакатлари фуқароларига тўғри келади. 86 фоиз қочқинларни қўшни давлатлар, шунингдек паст даромадга эга мамлакатлар қабул қилган.
Ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамларнинг 42 фоизини балоғатга етмаган ёшлар ташкил этади ва улар «оғриқли» масала ҳисобланади, дейилади ҳисоботда. Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссар бошқармасига кўра, 2018 ва 2020 йиллар орасида қочқинлар ичида 1 миллионта бола туғилган ва улар йиллар давомида шу аҳволда қолиб кетишлари мумкин.
БМТ Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссари Филиппо Гранди сўзларига кўра, қочқинларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш қатори, уларни танг аҳволдан қутқариш масалаларини ҳам ҳал этиш лозим. 1951 йилги қочқинлар мақомига доир Конвенция ва хавфсиз, тартибли ва легал миграция тўғрисида Глобал шартномада бу борада ҳуқуқий чора ва инструментлар кўрсатиб ўтилган. Шунингдек Грандига кўра, «жанжалларни ҳал этиш, инсонларни қочишга мажбур этаётган таъқибларни бас қилиш учун кучли сиёсий ирода» талаб этилади.