Тошкент марказидаги ДХХнинг собиқ биноси $20 миллионга сотилди

google.ru/maps сайти фотосурати

Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида жойлашган Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биноси Metropol Group МЧЖга сотилди, деб хабар беради Давлат активларини бошқариш агентлигининг матбуот хизмати. Савдо 210 млрд сўм ($20 млн.га яқин) эвазига амалга оширилган.

«Газета. уз» нашрига кўра, Metropol Group МЧЖ 2021 йил 23 февралда Тошкентда рўйхатдан ўтган. Унинг асосий фаолияти тижорат ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳатлар беришдан иборат. МЧЖнинг юз фоизли улушга эга таъсисчиси Дониёр Абдулазизович Комилов — Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади, компаниянинг раҳбари эса — Георгий Игоревич Якушевичдир.

Ҳозирда Давлат активларини бошқариш агентлиги савдо ғолиблари билан давлат активининг сотилиши юзасидан олди-сотди шартномасини расмийлаштириш ишларини бошлаган.

Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) марказий аппаратининг ходимлари ушбу бинони 2018 йили бўшатган эдилар. Ўшанда вақтинча ҳибсда ушлаб туриш камералари ва ички қамоқхона ҳовлисига эга мазкур мажмуа Миллий гвардия ихтиёрига берилиши мумкинлиги тўғрисида хабар тарқалганди. Жорий йилнинг февраль ойида эса ДХХнинг собиқ биносида хусусий Дипломатия университети жойлашиши ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Asia-Terra нашрининг эслатиб ўтишича, 2019 йил августида мазкур мажмуа бинолари қайта қурилиши ва бу ишларни ҳукумат Trust Connect Invest Group компаниясига топшириши ҳақида хабар пайдо бўлган. Компания бу ҳудудда меҳмонхона, савдо расталари, тўртта бино устидан ойнали гумбаз қуришини маълум қилган. Бироқ, бу ишлар амалга ошмади ва тез орада Trust Connect Invest Group компаниясининг сайти ва Facebookдаги гуруҳи интернет тармоғидан изсиз йўқолди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди