Москва шаҳри ва Москва вилоятида бир қатор касб эгалари COVID-19 га қарши эмланадилар

Sobyanin.ru сайти фотосурати

Москва шаҳри ва Москва вилояти ҳукумати Россияда биринчи бўлиб айрим тоифадаги одамларнинг коронавирусга қарши эмланиши мажбурий эканини эълон қилди. Мазкур икки регион бош санитар врачларининг бу борада қарори 16 июнь куни чоп этилди.

COVID-19 га қарши маориф, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, транспорт, шунингдек хизмат кўрсатиш (такси хизмати, савдо ташкилотлари, умумий овқатлариш тизими, КХХ, гўзаллик салонлари, фитнес-клуб, театр, кинотеатр, концерт заллари ва бошқалар; ҳужжатда тўлиқ рўйхат кўрсатилган) соҳалари ходимларининг эмланиши мажбурий ҳисобланади.

15 июлга қадар қарорда кўрсатилган ташкилот ходимларининг 60 фоизи вакцинанинг биринчи компоненти билан эмланиши керак. Орадан бир ой ўтиб улар вакцинанинг иккинчи компонентини оладилар.

Россия пойтахти мэри Сергей Собянин имзолаган фармонга кўра, 1 июлга қадар эмланиш даражасини назорат қилувчи ахборот тизими ишлаб чиқилади. Соғлиқни сақлаш департаменти вакцина, музлатгич ускуналари ва эмлаш гуруҳларига бўлган эҳтиёжни белгилайди, ташкилот ва хусусий тадбиркорлар эмланиши керак бўлган ходимларнинг электрон рўйхатини мэрияга тақдим этадилар.

Собянин ўз блогида Москвадаги коронавирусга доир ҳолатни «ўта жиддий» баҳолаган.

«Шифохоналарда касалликнинг турли даражасига йўлиққан 12 минг нафар одам даволанмоқда. Касалланиш бўйича бизлар ўтган йилги чўққини эгалладик. Сўннги кунларда 70 та одам коронавирусдан вафот этди. Ҳеч кимга бундай фожиани раво кўрмайсан. Агар бу одамлар ўз вақтида ковидга қарши эмланганида эдилар, уларнинг кўпчилиги касалликка йўликмаган бўлардилар. Инсон бу инфекцияга дучор бўлганида, айниқса унинг оғир формаси билан оғриганида ўз вақтида эмланмаганидан пушаймон бўлади. Лекин энди кеч бўлган бўлади», — деб ёзган Собянин.

Шунингдек, Москвадаги ишбилармонлар хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган чет эл фуқароларнинг коронавирусга қарши эмланишлари учун вакциналар билан таъминланишини сўраб чиқдилар. ТАСС хабарига кўра, пойтахтдаги ресторан бизнеси вакили Сергей Миронов шу ҳақда маълум қилган.

«Биринчидан, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг аксариятини чет эл фуқаролари ташкил этишини ҳисобга олиб, уларни эмланишига имкон яратиш зарур. Ҳозирда улар Россия вакциналари билан эмланишдан йироқ. Иккинчидан, уларнинг эмланиши учун оптимал муддат берилиши лозим, зеро эмланиш 21 кун фарқ билан икки босқичда амалга оширилади» — деди Миронов.

Унинг сўзларига кўра, чет элликларни инфекцияга қарши эмлаш ишларини йўлга қўйгандан кейингина Москва бош санитар врачи томонидан ўртага қўйилган вазифа — одамларни эмлаш муддати тўғрисида гапириш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ