Маданият вазирлигидан Фарғона музейидан ўрин олган санъат асари тўғрисида ҳисобот сўралди

А. Н. Волковнинг «Кукуруза шумит» («Маккажўхори шовқини») асари. Facebookдаги Alerte Héritage фотосурати

Alerte Héritage обсерваторияси президенти Борис Чухович 14 июнь куни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековга навбатдаги очиқ хатини йўллади. Унда санъатшунос Фарғона музейида машҳур рассом Александр Волковнинг «Кукуруза шумит» («Маккажўхори шовқини») картинаси алмаштириб қўйилгани билан боғлиқ олиб борилган инвентаризация ишлари якунини очиқлашни сўради.

«Ҳурматли Озодбек Аҳмадович, — деб ёзади Чухович. Сизнинг 2020 йил февралда рассом Александр Волковнинг «Кукуруза шумит» (1939) картинаси Фарғона музейи коллекциясида алмаштирилгани боис, асарнинг аслияти 2012 йили Лондон аукционида пайдо бўлганини аниқлаганимиз билан боғлиқ воқеани ўрганиб чиқишга берган вадангизга бир ярим йил бўлди. Ўша йилнинг июнь ойида дастлаб Маданият вазирлиги ходимлари, сўнг вазир ўринбосари Ж.Носиров Фарғона музейида инвентаризация ишлари якунланаётгани ва бу борада тузилган махсус комиссиянинг хулосаси бизларга тақдим этилажагини маълум қилдилар. 4 июнда журналист Никита Макаренко музейга ташриф буюргани ва унга бу ерда инвентаризация ишлари олиб борилаётганини тасдиқлаганлари тўғрисида видеони намойиш қилди.

Орадан бир йил ўтди. Бизлар бу ишлар қандай якунлангани ва экспертларнинг ҳозирда музейда мавжуд «Кукуруза шумит» картинаси вариантига доир хулосаларини билишни истаймиз».

Мустақил экспертлар 2018 йили дунёга машҳур ўрта осиёлик рассом Александр Волковнинг картинаси ўғирланган бўлиши мумкинлигини маълум қилдилар.

Уларга кўра, 1980 йиллари Фарғона музейи томонидан рассомнинг оиласидан сотиб олинган «Кукуруза шумит» асари 2012 йили Лондоннинг МакДугаллс аукционида пайдо бўлган. Мазкур полотнонинг ҳақиқий эканини москвалик мутахассис Юлия Рибакова ва рассомнинг оила аъзолари тасдиқлаган. Шу пайтнинг ўзида ўзбекистонлик эксперт ва Фарғона музейи ходимлари картинанинг аслияти Фарғонада бўлиб, Лондонда асарнинг нусхаси сотувга қўйилганини иддао қилдилар. Ҳозирда картина сотувдан ва аукцион каталогидан олиб ташланган. Бу воқеа 2018 йили Борис Чухович томонидан батафсил ёритилган..

2020 йил февралда Alerte Héritage президенти Маданият вазири Озодбек Назарбековни музейда сақланаётган «Кукуруза шумит» полотноси устидан яна бир бор экспертиза ўтказишга чақирган.

Ўша йилнинг март ойида Чухович Sputnikга берган интервьюсида вазир унинг мурожаатига жавоб берганини айтган. «Бизлар маданият вазирлигидан «Кукуруза шумит» асарининг Ўзбекистонга қайтарилиши тадбирларини бошлашга тайёр экани тўғрисида мактуб олдик. Экспертиза ўтказилгани ёки ўтказилмагани менга номаълум. Маданият вазирлигининг мазкур картинани қайтариш нияти Фарғона музейидаги олиб борилган текширувларга асосланади, деган тахминдаман», — деганди у.

Alerte Héritage обсерваторияси 2016 йили ташкил топган. Мустақил кузатув органининг бош мақсади — оммани Марказий Осиё ва унга қўшни мамлакатларнинг маданий мероси билан боғлиқ муаммолардан бохабар қилишдан иборат. Alerte Héritage ўзбекистонликларни музейдаги картиналар мунтазам равишда сохтасига алмаштирилиб, картиналарнинг аслияти ғарб бозорига йўналтирилаётгани жунбушга келтираётганини бир неча бор таъкидлаган. Обсерватория ҳатто айрим миш-мишлар ноўрин эканини исбот ҳам қилолган. Мисол учун, Sotheby's ауционида сотилган асар Тошкент тасвирий санъат музейидан ўрин олган Андрей Беллолининг «Чўмилаётган аёллар» асарининг аслияти эмас, рассомнинг дастлабки эскизи эканини аниқлаб, бу борада безовта бўлган одамларни тинчлантирган. Шунингдек, мустақил экспертлар 2018 йили Москва аукционида сотувга қўйилган «Сув ташувчи бола» картинаси Нукус музейидан ўрин олган Уста Мўмин асарига дахлдор эмаслигидан кўпчиликни огоҳ этдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ