Ўзбекистонда Пирогов номидаги тиббиёт университети филиали очилади

rsmu.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиали очилади, деб хабар беради республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати.

Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари мана шундай келишувга имзо чекдилар. Натижада, бутун мамлакат бўйлаб аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатининг ҳам ошиши ҳамда замонавий даволаш усулларини тизимга тезроқ жорий этилишига эришилади.

Н. И. Пирогов номидаги тиббиёт университети Россия Федерациясидаги энг илғор илмий-текшириш тиббиёт маркази бўлиб, бу ерда шифокорлар, фармацевтлар, клиника психологлари, ижтимоий ходимлар, шунингдек тиббиёт биокимёси, тиббиёт кибернетикаси ва биофизикаси соҳаларида мутахассислар тайёрланади. Университетда йилига 12 минг нафардан ортиқ инсон юқори малакали тиббий таълим олади ва 10 мингдан ортиқ талаба қўшимча малакали таълим дастури доирасида ўқийди. Бу Россияда «Миллий илмий-текшириш университети» мақоми берилган ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Дастлаб 2020/2021 ўқув йилида мазкур университет филиалини очиш борасида хабар пайдо бўлганди. Лекин унинг қачон ишга тушиши тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги аниқлик киритмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ