Татаристон Республикаси Миллий кутубхонасида «Валдай» халқаро дискуссия клубининг Марказий Осиёга бағишланган конференцияси иш бошлади. Форум «Россия ва Марказий Осиё минтақаси янги шаклланаётган дунё муаммолари олдида — ҳамкорликда келажак сари» деб номланади. Татаристон президенти Рустам Минниханов анжуман иштирокчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилди.
«Қозонда „Валдай“ халқаро дискуссия клубининг конференцияси ўтаётгани ҳам бежиз эмас. Республикамиз асрлар давомида турли маданиятлар туташган, Шарқ ва Ғарбнинг учрашган жойи ҳисобланади», — деди у.
Ўз навбатида РФ Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко Марказий Осиё Россия учун «стратегик ҳамкор бўлиб, бизларни тарих, тил ва инсоний қадриятлар бирлаштиради» дея таъкидлади.
Конференция икки кун давом этади. Унда дунёнинг ўн олтита мамлакатидан, жумладан Россия, Афғонистон, Буюк Британия, Германия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Франция ва Эстониядан олтмишдан ортиқ экспертлар қатнашадилар. Форум иштирокчилари орасида амалдаги ва собиқ сиёсатчилар, халқаро ташкилот раҳбарлари ва давлат корпорациялари вакиллари бор. Сессияларнинг бирида Афғонистоннинг собиқ президенти (2004–2014) Ҳамид Карзай иштирок этади.
Шунингдек, конференцияда пандемиянинг Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари учун ижтимоий асоратлари, минтақадаги хавфсизлик, дунё иқтисодиётидаги ўзгаришларнинг минтақага таъсири, айниқса Россиянинг бу ўлкада олиб бораётган сиёсати муҳокама қилинади.
«Валдай» халқаро дискуссия клуби 2004 йили ташкил топган. Унинг биринчи тадбири Великий Новгород шаҳрида бўлиб ўтган (клуб шу ердаги Валдай кўли шарафига номланган). Клуб фаолияти давомида унда дунёнинг 71 мамлакати халқаро илмий жамоаларидан мингдан ортиқ вакиллар иштирок этган.