Ўзбекистонлик футболчи Москванинг «Спартак» жамоасида Германия терма жамоаси ўйинчисининг ўрнини эгаллайдиган бўлди

Остон Ўрунов . Spartakworld сайти фотосурати

Москванинг «Спартак» футбол клуби Ўзбекистон миллий терма ҳамда Россиянинг “Уфа” футбол жамоаларининг ярим ҳимоячиси Остон Ўруновни ўз таркибига олди. Бу ҳақда Transfermarkt сайти хабар беради.

Футбол клуби билан ўйинчи ўртасидаги шартнома беш йилга имзоланган. Айрим маълумотларга қараганда, футболчи «Спартак» жамоасида 600 минг евро ишлаб топади. Москваликлар футболчи учун 1,5 миллион евро тўладилар. Бундан ташқари, агар футболчи Москва жамоасига мустаҳкам ўрнашиб оладиган бўлса, «Уфа» «Спартак» жамоасидан яна 2 миллион евро бонус олиши мумкин бўлади.

19 ёшли футболчининг трансфери билан «Спартак» жамоасининг бош директори ҳамда «Уфа»нинг собиқ раҳбари Шамил Газизовнинг шахсан ўзи шуғулланган.

«Бу ердаги жамоа жуда яхши экан, мени ҳам чиройли тарзда қабул қилдилар. Тез орада жамоага қўшилиб кетишни умид қиламан. «Спартак» энг номдор клуб, халқ севган жамоа. Менинг дадам ҳам ҳар доим қизил-оқ рангли жамоанинг ўйинчиси бўлишимни орзу қиларди. Мен тўп суришни яхши кўраман, ўзимни майдон марказида яхши ҳис этаман. Кўрайликчи, мураббий мени қаерга қўяр экан», — дея билдирди ярим ҳимоячи.

Ўрунов «Спартак» жамоасида 20-рақам остида тўп сурадиган бўлди, илгари бу рақам Москва жамоасини шу йилнинг ёзида тарк этган Германия миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси Андре Шюрллега тегишли бўлган.

Олдинроқ «Спартак» жамоаси Россия терма жамоасининг машҳур ҳужумчиси Александр Кокоринни ўз таркибига олганди. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир футболчиси Жасур Жалолиддинов Москванинг «Локомотив» жамоаси сафига қўшилгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Остон Ўрунов – ўнг томон ҳимоячиси, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси тарбияланувчиси. 2017 йилда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасига ўтган. 2019 йил ёзида Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган ва шу жамоа таркибида Ўзбекистон Суперлигаси чемпионатида кумуш медалга сазавор бўлган. Жорий йилнинг бошланишида «Уфа» футбол жамоасига ўтган. Россия клуби Тошкентнинг «Локомотив» жамоасига 200 минг евро тўлаган, ҳолбуки Transfermarkt рейтинги бўйича футболчининг нархи ўша фурсатда 1 миллион еврога тенг эди. Ўзбекистонлик футболчи «Уфа»да ойига 2 минг евродан маош олиб келган. Ўрунов Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида учта ўйин ўтказган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё терма жамоалари Осиё Кубоги саралаш босқичини бошлади

  • Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар

  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида