Тожик ОМОНининг (милициянинг алоҳида топшириқлар бўлинмаси) собиқ қўмондони, «Ислом давлати уруш вазири» (ИД – Россия, Тожикистон ва қатор давлатларда тақиқланган террорчи ташкилот) Гулмурод Ҳалимов ўлдирилган. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу ахборотнинг ҳаққоний эканига доир далилларга эга. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Sputnik Таджикистан нашрига маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Ал-Тожик тахаллусини олган Ҳалимов Суриядаги бомбордимон пайтида ўлдирилган. Бу қачон содир бўлганига аниқлик киритилмаган.
Авваллари ҳам Ҳалимовнинг ўлгани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида бир неча бор хабарлар берилганди, лекин ҳар сафар ИД тарафдорлари буларни инкор қилиб келган ва интернетга Ҳалимовга доир сурат ва видеоларни исбот сифатида юклашган. 2017 йил апрелда британиянинг The Times нашри Ал-Тожик Ироқнинг Маъсул шаҳрини бомбардимон қилиш пайтида ўлганини хабар қилганди. Ўша йили сентябрда Россия Мудофаа вазирлиги Суриянинг Дейр-эз-Зор шаҳри ҳудудида тожик қўмондонининг руслар ҳаво зарбидан ҳалок бўлганини маълум қилди. 2019 йил Тожикистон хавфсизлик ташкилотидаги манба қочоқ полковник Афғонистоннинг Бадахшон провинциясидаги Мунжон қишлоғида эканини «Фарғона»га хабар қилганди.
2020 йил январда Рамазон Раҳимзода «уруш вазири» ўлимини тасдиқлай олмаслигини баён қилганди. «Мен унинг жасадини кўрмаганча бу саволга «ҳа» ёқи «йўқ» деб жавоб бера олмайман», — деганди Тожикистон ИИВ раҳбари.
Ҳалимов 2015 йили «Ислом давлати» ташкилотига бориб қўшилади. Тожикистонда унга нисбатан «Ватанга ҳиёнат қилиш», «Жиноятчилар гуруҳида иштирок этиш», «Бошқа давлат ҳудудидаги ҳарбий тўқнашувларда ноқонуний иштирок этиш» каби айблар билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ўша йил май ойида тожик полковниги интернетда ИД сафига ўтаётгани тўғрисида хабар беради, шундан сўнг Тожикистон ҳукумати сўровига кўра, Интерпол уни халқаро қидирувга берилганини эълон қилади. 2015 йил сентябрда Ҳалимов 35 нафар шахслар қатори террорчилар рўйхатига киритилади ва уларга нисбатан АҚШ санкция билдиради. 2016 йил Америка ҳукумати Ҳалимовнинг қаерда эканига оид маълумот учун $3 млн миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилади.