Раҳмон тожикистонликларни Рамазон рўзасини бошқа вақт тутиб беришга чақирди

Имомали Раҳмон . Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон юртдошларига мурожаат қилиб, Муқаддас Рамазон ойи кириб келгани билан табриклади ҳамда уларни коронавирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаб қолиш учун рўзани бошқа пайтда тутиб беришга чақирди. Биринчи навбатда бу қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайдиганлар ва бошқа турдаги жисмоний меҳнат қиладиган одамларга тааллуқли, деди президент, бу йилги Рамазон баҳорги дала ишлари билан бир вақтда келганига ишора қилиб.

“Кўпчилик уламолар деҳқончилик, чорвачилик ҳамда оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи шахсларга агар уларга очлик ва чанқоқлик соғлиғига зарар етказадиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат берилади деб таъкидлашмоқда [...] Мен далаларда меҳнат қилаётган ҳамда моддий ноз неъматлар ишлаб чиқириш билан шуғулланаётган одамларнинг ҳаммаларига ўз соғлиғи ва оила аъзоларининг соғлиғи йўлида, оилаларига фаравонликни таъминлмоқчи бўлган одамларнинг ҳаммасига ушбу енгилликдан фойдаланиб, рўзани йилнинг бошқа, ўзлари учун қулай бўлган пайтида тутиб беришга чақираман. Бу одамлар ўз оилаларидаги рўзғорни тўлдириш имкониятидан воз кечмасликлари ва оила аъзоларининг соғлиғини таҳлика остига қўймасликлари лозим”, — дейилади президентнинг ўз сайтида чоп этилган мурожаатида.

Гарчи Тожикистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилмаган бўлса ҳам, дея таъкидлаб ўтди Раҳмон, бу “қўлни қовуштириб ўтириш” кераклигини англатмайди – аксинча, “ўз соғлиғига, гигиенага нисбатан биринчи даражали эътиборни қаратиш”, уйларни, иш ва жамоат жойларини саранжом сақлаш, лозим.

Президент бутун дунё мамлакатларига ва шу жумладан, Тожикистонга ҳам “кучли молиявий-иқтисодий инқироз таҳдид қилаётганини” қайд этиб ўтди.

“Агар биз бугун ишламасак, келаётган куз-қиш мавсумида ҳар бир оила катта қийинчиликка дуч келади, тақчиллик ва қимматчилик бўлади ва бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин. Биз бошқаларнинг ёрдамига умид қилмаслигимиз лозим”, — деди Раҳмон ҳамда картошкага ажратилган экин майдонини 40 фоизга ҳамда такрорий экинлар – маккажўҳори, шоли, дуккакли ва бошқа экинлар учун 60 фоизга ошириш бўйича кўрсатма берганини қўшиб қўйди.

Бир ҳафта муқаддам ҳукумат мажлисида Раҳмон мулозимларга “ҳар бир оилани икки йиллик озиқ-овқат билан таъминлаб қўйиш” бўйича топшириқ берганди. Бунинг учун у биринчи навбатдаги зарур озиқ-овқат – ун, ўсимлик ёғи, гуруч ишлаб чиқариш ва тайёрлаш ҳажмини кўтариш ҳамда ички бозорни мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш бўйича топшириқ берган эди.

Бу йил Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаммасида мусулмонлар учун Муқаддас Рамазон ойи 24 апрель куни кириб келиб, 23 май куни тугайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида