Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга берган кредитлари миқдори $1 млрд.дан ошди.
Молия вазирлиги Давлат ички ва ташқи қарз департаменти директори Жасур Қаршибоевнинг таъкидлашича, Осиё тараққиёт банки бюджетни қўллаб-қувватлаш учун $500 млн имтиёзли кредитни 15 йил муддатга 0,84% ўзгарувчан ставкада берган.
Халқаро валюта жамғармаси томонидан республика иқтисодиётига коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 375 млн. АҚШ доллари эквивалентида кредит маблағлари ажратилган. Имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 125 млн. АҚШ долларига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси ва 5 йил муддатга (шундан, 3 йил имтиёзли давр) 250 млн. АҚШ доллари 1,05% ўзгарувчан ставкадаги тезкор молиялаштириш инструментини олади.
Жаҳон банки томонидан Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси юзасидан қўшимча молиялаштириш сифатида 200 млн. доллар миқдоридаги имтиёзли кредит 30 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 1,2% ўзгарувчан ставкада ажратган.
Қаршибоев халқаро молия институтларидан жалб қилинган қарзлар Инқирозга қарши курашиш жамғармасига юборилганини айтди. Давлат бюджети Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Мухамедовга кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан пандемия шароитида вужудга келган муаммоларни хал қилишга Жамғарма маблағлари ҳисобидан жами 6,5 трлн сўм ($637,2 млн) маблағлар сарфланган. Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан сарфланган маблағлар инфографикасини берган.
Жумладан, коронавирус касаллиги билан курашиш тадбирларига 1 трлн сўмлик ($98 млн) ҳаражатлар амалга оширилган. Булар тўғридан-тўғри карантиндаги фуқароларни сақлаш ва шифохоналарда даволанаётган касалларга, шунингдек, тиббий жихозлар сотиб олиш билан боғлиқ харажатларга сарфланган.
Қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари учун сарфланган 2,5 трлн. сўмлик ($245 млн) маблағлар мамлакатда талабни рағбатлантириб, иқтисодиётни барқарорлаштиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун 2,3 трлн.сўм ($225 млн) маблағ ажратилган ва бу маблағлар пандемия даврида йирик саноат ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналарида ишловчи ходимларни биринчи даражали тўловларини қоплаш учун ажратилган.
Шунингдек, ижтимоий ҳимоя тадбирлари учун жами 640 млрд. сўм маблағ сарфланган. Мазкур маблағлар ахолини ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларига моддий ёрдам беришга, шунингдек, фуқароларнинг томорқаларига экин экишга қилинган харажатларини бир қисмини субсидиялашга, ишсиз бўлган фуқароларни вақтинчалик жамоат ишларига жалб қилиш орқали даромад олишига кўмак беришга, кам таъминланган хотин қизларни моддий қўллаб қувватлашга сарфланган.
19 март куни президент Шавкат Мирзиёев фармони билан республика Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм ($1 млрд 51 млн) маблағга эга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари аввало коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, шунингдек тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига ижтимоий ёрдам бериш учун сарфланиши кўзланганди. Ўшанда жамғарма ва давлат бюджетини қувватлаб туриш учун ҳукумат 2020 йили халқаро молия институтлари ва бошқа манбалардан $1 млрд қарз олишини маъулм қилганди. Апрель ойида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукумат халқаро молия тизимларидан жами $1,6 млрд.дан ортиқ кредит олишга келишиб олганини маълум қилди