Аё София жоъмесига орадан 86 йил ўтиб яна масжид мақоми берилди

Аё София жоъмеси атрофидаги тақводорлар . Dailysabah.com сайти видеотасвиридан кадр

24 июль куни Истанбулдаги Аё София жоъмеси яна аввалги масжид мақомига қайтган ҳолда жума намози шарафига очилди. Маълумки, 15 асрда Констинополь қулагандан кейин насронийларнинг Муқаддас София ибодатхонаси усмонли турклар томонидан масжидга айлантирилади ва йигирманчи асрнинг 30-чи йиллари у музейга айлантирилган. Орадан 86 йил ўтиб унга яна масжид мақоми қайтарилди, дея хабар беради Hurriyet нашри.

Жума намози арафасида бу ерга минглаб одамлар йиғилган (Daily Sabahга кўра, кўпчиллик Туркиянинг олис ўлкаларидан етиб келган). Reuters хабар беришича, масжидга мамлакат президенти Ражаб Эрдўған ва ҳукумат вакиллари ташриф буюрганлар.

Бино ичидаги маросимда ҳукумат вакилларидан ташқари юзлаб оддий одамлар ҳам иштирок этадилар. Жоъме ташқарисидаги одамлар учун улкан трансляция экрани ўрнатилган.

Бу ерга жуда кўплаб одамлар йиғилгани боис, масжид атрофидаги тартибни сақлаш учун полиция ташриф буюрган.

530 йили қурилган Муқаддас София ибодатхонаси Византия империяси ва насронийларнинг тимсолларидан бири бўлган. 1453 йили Констинополь усмонли турклар томонидан босиб олинади ва ибодатхона масжидга айлантирилади. Усмонлилар империяси парчаланганидан сўнг ҳукумат бошига Камол Отатурк келади ва мазкур масжидни музейга айлантириш борасида қарор қабул қилади.

Туркиянинг ҳозирги раҳбарияти музейни масжидга айлантиришга уринди ва Туркия Давлат кенгаши (мамлакат олий маъмурий суди) 1934 йили қабул қилинган қарорни бекор қилди. Шундан сўнг президент ўзининг фармони билан Аё Софияни масжидга айлантириш фармонини имзолади.

Эрдўған бу бунонинг масжидга айлантирилиши туристларнинг унга ташриф буюришига моънелик қилмаслигини айтиб ўтган.

Ушбу ҳодиса ҳозирги турк ҳукуматининг динга бўлган муносабатидан дарак беради. Гарчи Туркия дунёвий давлат ҳисоблансада, кейинги пайтларда бу мамлакатда мусулмон қадриятларига катта урғу берилмоқда ва Дин масалалари бошқармаси фаолияти кучаймоқда.

Туркия ҳукуматининг Аё Софияга яна масжид мақомини қайтариш қарори халқаро майдонда кўргина норозиликларга учради. Жумладан, Греция ҳукумати бу воқеликни «мазкур улкан маданий ва тарихий ёдгорликни қадрлаб келаётган бутун дунёга берилган зарба» дея баҳолади. Рус провослав черкови ҳам бунга ўз норозилигини билдирди. Бунга жавобан Туркия ҳукумати Аё Софиянинг масжидга айлантирилиши мамлакатни ички иши эканини эслатиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ