Ўзбекистонда кадастрларнинг, хусусан, автомобиль йўллари, қувурлар, шаҳарсозлик кадастрининг электрон базасини тўлиқ ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилади. Республика президенти Шавкат Мирзиёев бу вазифани 21 июль куни ўтган йиғилишда масъул идораларнига топширди, дея хабар беради давлат рахбарининг матбуот хизмати.
Президентга кўра, бугунги кунга келиб автомобиль йўллари кадастри 23 фоиз, маданий мерос объектлари 32 фоиз, қувурлар 32 фоиз, шаҳарсозлик кадастри 63 фоиз шаклланган, холос. Йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини рақамалаштириш ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг тупроқ сифатини баҳолаш, ерларни ривожлантириш, экинларни жойлаштириш билан боғлиқ вазифаларини, шунингдек, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ихтиёрига ўтказилади. Вазирлик Жаҳон банки томонидан ажратилаётган 87 миллион доллар пул маблағларини мазкур институт фаолиятини ривожлантириш ҳамда лабораторияларини янгилашга йўналтиради.
Йиғилиш давомида президент республикада ер хатлови охирги марта 40 йил олдин ўтказилганини таъкидлаб ўтди. Масалан, 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Буларнинг оқибатида соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган. 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгалланган. Охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгарликка тортилган.
Соҳадаги кадрлар инқирози ҳам қайд этиб ўтилган. Мирзиёев тақдим этган маълумотга кўра, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси тизимидаги 27 фоиз ходимлар мутахассислиги соҳага тўғри келмайди. Шу йўналишда Италиянинг Пиза университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети билан ҳамкорлик ўрнатиш режаси кўриб чиқилмоқда.
Олдинроқ Мирзиёев архитектура ва қурилиш соҳасидаги коррупция ва «ҳуфёна иқтисодни» танқид қилиб, соҳадаги энг коррупциоген жараён бўлмиш қурилиш тендерларини ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштиришга ўтказишга ваъда қилганди.