Тошкентда Навоий театрининг бош рассоми вафот этди

Зубайдулло Ботиров . Фотосурат унинг Facebook саҳифасидан олинди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театрининг бош рассоми Зубайдулло Ботиров вафот этди. Бу ҳақда театрнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қилинмоқда.

Хабар остида ўз шарҳларини қолдирган ўзбекистонликлар унинг ўлимини «тиклаб бўлмайдиган йўқотиш» ҳамда театр учун йўқотиш деб ёзишмоқда. «Даракчи» хабар беришича, 57 ёшида вафот этган Ботировнинг ўлими ҳақида шунингдек, Маданият вазирлиги ҳам маълум қилиб, унинг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдирган, аммо ўлими сабаби ҳақида аниқлик киритмаган.

Зубайдулло Ботиров Қарши шаҳрида (Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази) туғилган, 1986 йилда Беньков номидаги Республика Бадиий билим юртини, 1995 йилда эса Маннон Уйғур номидаги Санъат институтининг «Театр декорацияси» бўлимини тамомлаган эди.

1997 – 2005 йилларда Тошкентда Ўзбекистон Мустақиллиги кунига бағишланган байрам томошаларининг постановкачи рассоми бўлиб ишлаган, 1997 йилда эса Ҳива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейига бағишланган байрамида бош расссом бўлган.

2006 йилда Тошкентда Бадиий академиянинг залида унинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган, 2008 йилда у Тошкентдаги халқаро «Биейнале» кўргазмасида иштирок этган.

2008 йилдан бери «Дунё халқлари санъати» рассомлар уюшмасида хизмат кўрсатган рассом, 2010 йилдан бошлаб эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган рассом унвони билан тақдирланган.

Рассомнинг кўплаб асарлари АҚШ, Россия, Италия, Япония ва бошқа мамлакатлардаги хусусий коллекцияларда сақланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ