Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатини 28 июлгача тўхтатиб қўйдилар. Бу ҳақда Sports.uz республика Прфессионал футбол лигасига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Ушбу қарор Ўзбекистон Суперлигаси футбол жамоаларида коронавирус инфекцияси тарқалгани муносабати билан қабул қилинган. Ўнинчи тур учрашувлари 21 дан 28 июлгача ўтиши керак эди, аммо Лига раҳбарияти жамоалар вакиллари билан биргаликда учрашувларни бир ҳафта кейинга суришга келишдилар. Футбол тақвимидаги кейинги эҳтимолий ўзгаришлар алоҳида кўриб чиқилади.
Бир ҳафта давомида футболчилар ҳамда барча клубларнинг ходимлари хусусий клиникаларда тест топширишлари керак бўлади. Коронавирусга манфий тест чиққан футболчилар карантин чекловлари бўйича енгилликлар киритилмагунича жамоа базасида бўлиб турадилар, негаки уларнинг шаҳар бўйлаб эркин ҳаракатлари жамоадошларининг соғлиғига таҳдид солиши мумкин. Тест синовларидан ўта олмаган ўйинчилар ва жамоа ходимлари мусобақага қўйилмайдилар. Вирус тарқалиши ҳақидаги маълумотларни яширган футбол жамоалари суд тартибида жавобгарликка тортиладилар.
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 март куни тўхтатиб қўйилган. Суперлига учрашувлари 13 июнь куни қайта тикланган, бироқ учрашувларга томошабинлар киритилмаган эди. Мамлакат чемпионатида 22 очко билан “Пахтакор” етакчилик қилмоқда, Олмалиқнинг АГМК жамоаси ундан бир очко ортда қолган.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 21 июль эрталабга келиб коронавирусга чалинишнинг 17 314 та ҳолати қайд этилган, 7 760 нафар бемор даволанмоқда. 9 463 нафар бемор бутунлай соғайиб кетишган ва 91 киши вафот этган.