«Бухоро» клубининг 8 нафар футболчисида COVID-19 учун топширилган тест натижаси мусбат чиқди, деб хабар беради Championat.Asia нашри.
Вирусга чалинган футболчиларнинг исми келтирилмаган. Июль ўртасида «Бухоро» ва тошкентликларнинг «Бунёдкор» жамоалари ўртасидаги ўйин тўхтатилганди. Бунга бунёдкорчи Исломжон Қобиловда COVID-19 аниқлангани сабаб бўлди.
Бундан олдин «Пахтакор» клуби матбуот хизмати ўйинчилар орасида коронавирус тарқалганини маълум қилганди. Футболчилар 13 июль куни Суперлиганинг 9-чи турида олмалиқликларга қарши ўтказилган ўйиндан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилишган. Тренер штаби машғулотларни бекор қилиб, жамоанинг барча иштирокчиларидан коронавирусдан текст топширишни сўраган. Натижада бешта ўйинчининг анализ натижаси мусбат бўлган. Спортчилар бошқалардан ажратиб қўйилган ва улар даволанмоқдалар. Жамоанинг қолган ўйинчилари тиббий назорат остига олинган.
Бундан аввалроқ термизликларнинг «Сурхон» жамоасидаги Хусниддин Ғофуров ва Нуриддин Гасанов, шунингдек Ўзбекистон терма жамоасининг еттита футболчисида коронавирус борлиги аниқланганди. Норасмий маълумотларга кўра, республиканинг яна иккита футбол клуби ўйинчиларида коронавирус борлиги маълум бўлган.
Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) нинг бошлиғи Диёр Имамхўжаев Суперлига ўйинларининг тўхтатилиши ҳақида гапираркан, Германия биринчилиги ўйинларидан кейин ҳам футболчиларда коронавирус борлиги аниқлангани, лекин ўйинлар давом эттирилганини таъкидлади. Имомхўжаев клуб раҳбарларига «альтернатив ҳолат» таклиф этилганини ва ҳозирча у тасдиқланмаганини айтди.
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати коронавирус пандемияси туфайли 16 мартда тўхтатилганди. Суперлига 13 июнда жонланиб, матчлар томошабинсиз ўтказилаётган эди. Бугунга қадар чемпионатнинг тўққизта тур ўйинлари бўлиб ўтди. Кейинги тур ўйинлари 21-23 июлга белгиланган. Мамлакат чемпионатида 22 очко билан «Пахтакор» етакчилик қилмоқда ва олмалиқликларнинг АГМК клуби бир балл билан кейинги ўринда бормоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 20 июлга келиб Ўзбекистонда коронавирусга чалинганликнинг 16 966 ҳолати аниқланган, 7 599 нафар бемор COVID-19 дан даволанмоқда. Бугунга келиб 9 279 та бемор вирусдан бутунлай соғайиб кетган, 88 та одам ўлган.