Ўзбекистон COVID-19 коронавирус пандемияси туфайли Россияга табиий газ етказиб беришни бутунлай тўхтатди ва Хитойга экспортини уч баробар қисқартирди. Бу ҳақда «Прайм» иқтисодий агентлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.
Коронавирус пандемияси сабабли «ташқи бозорларда юзага келган беқарор вазият Ўзбекистон табиий газининг экспортига таъсир кўрсатди. Ҳозирда Ўзбекистонда олинадиган табиий газнинг Хитойга экспорти 3 бараварга камайган бўлса, Россияга экспорт бутунлай тўхтатилган», дейилади хабарда.
Мирзиёевнинг расмий сайтига қўйилган нефть ва газ кимёси, электротехника ва фармацевтика саноатларидаги лойиҳалар тақдимоти тўғрисидаги хабарда бу ҳақда сўз юритилмаган. У ерда Ўзбекистон хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, уларни монетизация қилиш йўлидан бориш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариб, иқтисодий самарадорликни ошириш йўлидан бориши ҳақида эълон қилинган.
«Ўзбекнефтегаз» биринчи ярим йиллик якунлари бўйича берган ҳисоботида карантинга қарамай, қўшимча 1 миллиард куб метр табиий газ, қарийб 22 минг тонна конденсат ва 1,2 минг тонна нефть қазиб чиқаришга эришилгани, 11 та лойиҳа бўйича жами 846,5 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилгани ҳақида сўз юритилади. Мирзиёев импортни қисқартириш, маҳсулот сифатини ва маҳаллийлаштириш даражасини кўтариш бўйича топшириқ берди.
«Ўзтрансгаз» март ойида Хитой карантин туфайли Ўзбекистондан табиий газ импортини вақтинча қисқартирганини ва натижада республика экспорт қилаётган табиий газ ҳажми пасайгани ҳайида маълум қилганди. Ўзбекистон Petrochina компаниясидан 6 март куни газ импорти қисқариши эҳтимоли тўғрисидаги хабарномасини олиб, вазиятдан фойдаланган ҳолда газни чуқур қайта ишлашга қарор қилди. «Ўзтрансгаз» бошқарув раёсати раиси Улуғбек Саидовга кўра, бу хом ашёни экспорт қилгандан кўра анча фойдалироқ бўлади. Газ экспортини 2025 йилга келиб бутунлай тўхтатиш ҳамда уни чуқур қайта ишлаш режалари ҳақида илк бор бош вазир Абдулла Арипов 2020 йилнинг январида билдирганди.
2019 йилда ўзбек табиий газининг энг йирик ҳаридори Россия бўлиб қолди (6,8 миллиард куб метр) ва бир неча йиллар давомида илк бор ўзбек зангори оловини сотиб олиш ҳажми бўйича Хитойдан ўзиб кетди (5,1 миллиард куб метр). Қолган газ Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга сотилмоқда. Тузилган битимлар доирасида 2020 йилда Қирғизистонга 60 миллион ва Тожикистонга 200 миллион куб метр газ экспорт қилиш режалаштирилган.
2019 йилда Россия газни энг паст ўртача тортилган нарх – минг куб метр учун 145 АҚШ долларидан сотиб олганди. 2018 йилдан бери нарх арзимаган даражада ўсди, ўшанда газнинг ҳар минг куб метрига 142 АҚШ доллар нархи бўйича етказиб бериларди. Хитой 2019 йилда Ўзбекистонга газнинг ҳар минг куб метрига 182,25 АҚШ долларидан тўлаб келган. Энг юқори нарх бўйича ёқилғи Қозоғистонга – ҳар минг куб метр учун 198,2 АҚШ доллардан етказиб берилган.