Россия-Қозоғистон чегарасидан ўзбекистонликлар олиб кетилмоқда

«Ўзбекистон темир йўллари»«поезди. Railway.uz сайти фотосурати

15 июль куни рус-қозоқ чеграсидаги 702 нафар Ўзбекистон фуқароси поезд билан олиб кетилди. Умумий ҳисобда 2100 та одам поезд билан ватанига етиб олади. Бу ҳақда «Фарғона»га Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консули Меҳриддин Хайриддинов гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, чегарада 2500 та одам тўпланиб қолган. Уйга кетмаганларнинг орасида ҳайдовчилар бор бўлиб, улар ўз автомобилларини ташлаб кетишни хоҳламаганлар.

«Қозоғистон машиналарнинг ўтишига рухсат бермади, шунинг учун одамлардан машиналарини ташлаб, ўзларининг поездда кетишини таклиф қилдик. Тажрибамдан биламанки, одамлар машиналарини ташлаб кетмайди, Россияга қайтадилар. Шунингдек, Самара ва Оренбург областларида яхши ойлик, овқатланиш ва ётоқхонага эга кўпгина ишлар таклиф этилди», — дейди Хайриддинов.

Дипломат Ўзбекистон фуқароларидан ваҳима қилмасликни, ҳукумат ватанга қайтиш масаласини ҳал этишига ишонишларини сўрайди.

«Ўзбекистонда коронавирус билан вазият кескинлигини била туриб, вазиятни суиистеъмол қилиш керакмас. Бу медицина ва карантин зоналарига оғир юк бўлади. Чегарада тўпланиб олсак, бизларга эътибор беришади ва олиб кетишади, деб ўйламаслик керак. Бу нотўғри йўл», — деди Бош консул.

Қозоғистон чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонликлар автобусларда темир йўл станциясига келтирилмоқда. Умидахон Мўйдинованинг Facebook саҳифасидаги видеоси.

«Биз элчи билан ўтган ҳафта у ерда бўлдик ва билдикки, авваллари Россиядан Ўзбекистонга одам ташиган таксичилар уларни бу ерларга келтиришган. Таксичилар одамлардан вазият асири сифатида фойдаланмоқчи бўладилар. Лекин биринчи гал ҳам, ҳозир ҳам Қозоғистон автомобилларни ўтказмаяпти. Шунга қарамасдан, ҳайдовчилар одамларни чегарага олиб келиш билан пул топишяпти», — дея вазиятга ойдинлик киритади Хайриддинов.

У Қозоғистон чегарасини очгани тўғрисида ёлғон хабарларни тарқатмасликни сўради. «Мен одамларни сабрли бўлишга чақираман, улардан карантин жойларига босим қилмасликни, чегарага чопмасликни сўрайман», — деди дипломат.

Чартер рейслари кўпчилик учун қимматга тушаётгани боис, одамларни поездларда юртга олиб кетиш қарорига келинган. Хорижда бўлган 88 мингта ўзбекистонлик ватанга қайтиш истагини билдирган. Шу билан бирга, уларнинг беш ярим мингги молиявий қийин аҳволга тушиб қолганини маълум қилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизматининг хабарига кўра, фақат Ўзбекистон фуқаролари учунгина поездга чипта сотилган. Бузулук – Тошкент йўналиши чипта нархи 1,2 млн сўмни (8500 рубль, ёки $120), Кинель – Тошкент – 1,450 млн сўмни (10 100 рубль, ёки $142) ташкил этган. Карантинга қадар йўл вақти икки суткани ташкил этарди.

Поездларни Миллий гвардия, ИИВ ва тиббиёт ходимлари кузатиб борадилар. Тошкентга етгач, барча йўловчилар 14 кунлик карантин назоратига олинадилар.

Май ойида рус-қозоқ чегарасидан 1200 нафар ўзбекистонлик автобусларга ватанга етказилган. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай акция бир марта амалга оширилаётгани ва тарорланмаслигини маълум қилганди. Россияда яшаётган Ўзбекистон фуқароларидан япиқ қозоқ чегарасига бормаслик, қулай чартер рейсларини кутиш сўралганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ