Sulton Tex Group хусусий корхонаси Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев ва Қишлоқ хўжалишги вазири Жамшид Хўжаевни судга берди, деб хабар беради Kun.uz нашри.
Шикоят аризаси Қибрай тумани маъмурий судига киритилган (корхонанинг ўзи Қарши туманида пахта етиштириш кластери билан шуғуллананади). Аризада 2020 йил 8 апрелдаги мажлисда жавобгарларнинг Sulton Tex Group қонуний манфаатларини бузувчи маълумотларни тақдим этгани айтилади. Арзчилар корхонага бириктирилган пахта тозалаш заводининг иншоот ва биноларини тортиб олиш ва уларнинг ўрнида пахта-тўқимачилик кластерини яратиш борасида қабул қилинган қарорни ноқонуний эканини тан олишларини сўрайди. Дастлабки суд мажлиси 9 июль куни Қибрай тумани Маъмурий судида бўлиб ўтган. Жавобгарлар унда иштирок этмагани боис суд 16 июлга кўчирилган.
Sulton Tex Group корхонаси раҳбари Нурбек Эргашевга кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини баҳолаш республика ишчи гуруҳини бошқарган Ўктам Барноев унинг компаниясини кластерлар рўйхатидан олиб ташлайди. Бунга Барноевнинг пахта етиштириш учун банк томонидан корхонага берилган 5,8 млрд сўм ($594 мингдан ортиқ) кредит маблағини ғаллани озиқлантириш ва комбайнлар таъмири учун ўтказиб бериш талаби бажарилмагани сабаб бўлган.
Талаб этилган пуллар ўтказиб берилмаганидан сўнг Эргашевга нисбатан босимлар кучаяди. Бизнесмен маҳаллий ҳокимиятга олган қарзлари бўйича банк олдида мажбуриятлари борлигини тушунтирмоқчи бўлади. Лекин унга «агар пулни ўтказиб берсанг кластерда ишлашни давом этасан, акс ҳолда кластер фаолиятинг тўхтатилади» дейишади.
10 апрелда бўлган учрашувда Ўктам Барноев Эргашевга «топшириқни бажармадинг, энди сен кластер бўлмайсан», дейди. Бош вазир ўринбосари Sulton Tex Group кластер сифатида фаолиятини тўхтатаётгани тўғрисида баённомани имзолайди, корхона ўрнида фермерлар уюшмаси тузилади. Бизнесмен баённомада корхонага нисбатан келтирилган норозиликларни рад этади. Оқибатда ишбилармондан 13 минг гектар ер тортиб олиниб, Silver Fiber Agro Kooperasiyasi корхонасига берилади, Эргашев корхонасига бор-йўғи икки минг гектар насиб этади.
Эргашев туман ҳокими Мақсуда Мустафоева ва қатор амалдорлар устидан Карши туман судига ариза беради. У Барноевнинг компаниясини пахта тўқимачилик кластери рўйхатидан чиқариш қарорини бекор қилинишини, 5,6 млрд сўм кредитнинг ғаллани озиқлантириш учун ўтказиб бериш талабини, шунингдек фермерларни Silver Fiber Agro Kooperasiyasi уюшмаси билан шартнома тузишга мажбур этилгани ноқонуний эканини, шунингдек ушбу корхонага берилган гувоҳнома бекор қилинишини сўрайди. Бундан ташқари, у Мустафаевага корхонанинг молиявий ишларига аралашмаслик мажбурияти юклатилишини сўрайди.
Суд Эргашев талабларини қисман қондиради. У ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг ҳаракатини ноқонуний деб тан олади, улардан Sulton Tex Group компанияси ишларига аралашмаслик мажбуриятини олади. Лекин шу билан бирга суд Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг компанияни кластерлар рўйхатидан чиқариш қарори ва аризада айтилган суммани ўтказиб беришни талаб этганини исботланмаган, дея қарор қабул қилади.
Қарши туман халқ депутатлари Кенгаши (уни Мақсуда Мустафаева бошқаради) маъмурий суд қарорини танқид қилган, туман прокуратураси суд қарорига нисбатан даъво аризаси киритган, иш Қашқадарё вилояти маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўрилмоқда.
Sulton Tex Group хусусий корхонаси 2011 йили ташкил топган, 2018 йилдан бери тўқимачилик маҳсулотлари билан шуғулланади. Республика президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йили Қашқадарё вилоятига ташриф буюрганда корхонада бўлган ва корхонанинг тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, пахта тозалаш заводи ва ёғ заводи билан боғлиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган. Корхонанинг катта ер қисми тортиб олингунга қадар у $100 млн қийматидаги 15 лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланган.
Ўзбекистон президенти раҳбарлардан бир неча бор ишбилармонлар ишига аралашмасликни сўраган ва мажлисларнинг бирида ҳокимлардан бизнесга ҳалақит бермаслик учун қасам ичишларини сўраган.