Арман-озарбайжон чегарасида жанглар давом этмоқда

Озарбайжонликларнинг Арманистон Қуролли кучларига берган зарбаси. Mod.gov.az сайти фотосурати

15 дан 16 июлга ўтар кечаси арман-озарбайжон чеграсида жанглар жонланди. Ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувдан сўнг ушбу воқеа энг йириқ тўқнашув бўлди, деб хабар беради Арманистон Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби Шушан Степанян Facebookдаги саҳифасида.

Соат 03:40 да (Москва вақти билан 02:40) арман ҳарбий хизматчилари душман томон ҳаракатларини сезиб қолганлар. «Айланма мудофаани қўллаган ҳолда арман кучлари душман диверсиясини бартараф этди. Кучли тўқнашувлардан сўнг душманларга талофат етказилди ва улоқтириб ташланди», — деб ёзади Степанян.

Соат 05:20 да озарбайжонлар Айгепар ва Мовсес қишлоқларини Д-30 русумли замбараклардан ўққа тутган. Жанг ҳанузгача давом этмоқда, дея қўшимча қилади Арманистон ҳарбий маҳкамаси матбуот хизмати. Кейинчалик арманлар томонидан қурбонлар бўлмагани айтилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, арман томони Товуз туманидаги позицияни ўққа тутмоқчи бўлгани учун жанговор ҳаракатлар бошланиб кетган. Товуз туманининг Агдам, Дондар Гушчу ва Вахидли қишлоқлари йирик калибрли қурол ва миномётлардан ўққа тутилган. Фуқаролар орасида қурбонлар бўлмаган.

Ҳарбий маҳкама сайтида Товуз тумани йўналишидаги «Арманистон Қуролли кучлари ротасининг таянч пункти» вайрон қилингани тўғрисида видео юкланган.

Арман-озарбайжонлар ўртасида қуролли тўқнашувлар 12 июль куни бошланиб кетди. Жанжал бошланишида икки томон бир-бирини айблайди. Тўқнашувларда 11 нафар озарбайжон ҳарбийлари, жумладан генерал-майор Полад Хашимов ва полковник Илғор Мирзеевлар ҳалок бўлган. Озарбайжон томони 100 нафар арман аскарлари қурбон бўлганини маълум қилди, арманлар эса иккита ҳарбий ўлгани ва бештаси яраланганини таъкидлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ