Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Абдуҳаким Хаджибаев. Mezon.io сайти фотосурати

Соғлиқни сақлаш вазирлигини тез ёрдам ишининг қониқарсиз фаолияти ҳамда COVID-19 эпидемияси тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича ишларни талаб даражасида ташкил этмагани учун танқид қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 69 ёшли жарроҳ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абуҳаким Хаджибаевни соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади. Президентнинг қарори ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди. А.Хаджибаев шу тариқа мазкур лавозимга учинчи бор тайинланди.

Хаджибаев 1951 йил 2 ноябрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган. 1990 йилгача Бутуниттифоқ клиник ва эксперементал жарроҳлик илмий-текшириш институтининг Тошкент филиалида ишлаб, оддий шифокор жарроҳдан етакчи илмий ходимгача бўлган йўлни босиб ўтган.

1990 – 1999 йилгача В.Воҳидов номидаги Жарроҳлик илмий марказида бош илмий ходим ва бўлим бошлиғи, 1999 – 2000 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида илмий ишлар ва кадрларни тайёрлаш бўйича бош директор ўринбосари лавозимини эгаллаган. Шундан кейни у бир хил лавозимларга қайта ва қайта ўтказила бошланди.

2000-2003 йилларда у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига раҳбарлик қилди, 2003 – 2007 йилларда илк бор соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар этиб тайинланди. 2007 – 2016 йилларда яна Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига раҳбар этиб тайинланди.

2016 йилдан 2017 йил апрелгача бу лавозим билан бирга соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаб келди.

Сўнгги тайинланув Тошкентда 100 та тез ёрдам машинаси етишмаётгани ҳамда сўнгги уч кун давомида 43 нафар турли касалликлар билан оғриган беморлар тез ёрдам чақириб, врачлар етиб келгунига қадар ўлиб қолганлари тўғрисидаги хабардан сўнг амалга оширилди.

Тошкент вилояти ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов касалларни даволаш ҳамда эпидемияни олдини олиш бўйича ишни тўғри ташкил этмагани учун президентдан ҳайфсан олишди.

16 июль соат 10.00 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг 14 787 та ҳолати қайд этилган, 15 июль кунги бир кунлик ўсиш 496 кишини ташкил этган (бир кун олдин 494 та эди).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ