Тошкентдаги Human House арт-галереясини бузилишдан аноним инвестор асраб қолди

Human House. Андрей Кудряшов фотосурати, «Фарғона»

Тошкент марказидаги Human House (НН) арт-майдони жойлашган қадимги уй бузилмайдиган бўлди. Меҳмонхона қурилиши режалаштирилган жойни номи сир сақланаётган инвестор сотиб олди. Бу ҳақда НН арт-директори Лола Сайфий ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Сайфий «Фарғона» нашрига Human House уйни янги эгасидан ижарага оладиган бўлди ва икки йил давомида ҳар ой савдо битимининг 1 фоиз миқдорида ижара ҳақи тўлашлиги ҳақида айтиб берди. «Кейин уйни айни пайтда мавжуд бўлган ёки янгидан ташкил қилинадиган нодавлат-нотижорат ташкилоти (НТТ) номига сотиб олиб, ундан ижарага олиб турамиз. НТТ эса бу пулларни маданий хайрия лойиҳаларига сарфлайди», — дея тушунтирди арт-директор.

Facebook саҳифасидаги мақоласида Сайфий қийин вазиятда қолган арт-галереяни қўллаган барча одамлар ва ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Унга кўра, краудфандинг акцияси давомида тўпланган пуллар ҳам уйни сотиб олишда жуда катта ёрдам берди.

Human House Тошкент марказидаги яҳудийлар маҳалласида жойлашган. Бу ерда кўплаб маданий тадбирлар: катталар ва болалар учун ҳунармандларнинг мастер-класслари, эски ва ҳозирги замон ўзбек кинофильмларининг намойишлари, мусиқали концертлар, бадиий кўргазмалар ўтказиб турилади. Бу жойга ўзбекистонликлар ҳамда чет эллик саёҳатчилар ва меҳмонлар ташриф буюришни яхши кўрадилар.

Ўтган асрнинг 50-йилларида барпо этилган кўҳна уйни бузиб ташлашлари мумкинлиги тўғрисидаги хабар жорий йилнинг июнь ойида пайдо бўлди. Уйнинг эгаси объектни бошқа одамга – бу жойда уч қаватли меҳмонхона қурилишини режалаштирган тадбиркорга сотишини эълон қилди. Кўчмас мулк эгаси ўз уйини 150 минг АҚШ долларига сотмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди. Арт-майдон раҳбарияти маданий объектни сақлаб қолишга бир неча марта уриниб кўрди, шу жумладан, уйни сотиб олиш учун пул маблағлари тўплаш бўйича акция эълон қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ