Сурхондарёда ҳоким ва судья ўртасидаги жанжал юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Жабрланган суд ходими. Uza.uz сайти фотосурати

Сурхондарё вилояти прокуратураси Жарқўрғон тумани ҳокимининг блокпост орқали судьянинг хизмат машинасини ўтказмай, ҳайдовчисини калтаклагани юзасидан жиноят ишини қўзғади. Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») билан иш очилган, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсуддинов.

Инцидент 10 июль куни, республика бўйлаб карантин чоралари кучайтирилгандан сўнг содир бўлган. Судьяларнинг хизмат машиналарида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамасдан, Жиноят ва Маъмурий ишлар бўйича туман судьяларининг хизмат машиналари блокпостда тўхтатилади. Бу пайт Жарқўрғон тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ҳаракатини бошқариб турган бўлади. Бахс-мунозарадан кейин автомобиллардан бирининг ҳайдовчиси ички ишлар бўлимига олиб кетилади ва бу ерда уни калтаклайдилар. Кейинчалик врачлар ҳайдовчининг тана жароҳатини олгани тўғрисида ташхис қўядилар.

ИИВ версиясига кўра, жарбланган шахс аслида йўл ҳаракати қоидасини бузиб, қарши йўналиш томонидан келади ва йўлда тирбандлик ҳосил қилади. Йўл бўшатиб қўйиш илтимосини ҳайдовчи рад этади. Патруль-пост хизмати ходимлари ҳайдовчини таҳминан соат 10:30 да ИИБга келтирадилар ва ярим соат ўтгач қўйиб юборадилар. Шу куни ҳайдовчи бадани шикастлангани юзасидан касалхонага мурожаат қилади.

Ўз навбатида Жарқўрғон тумани ҳокими ҳам ўз версиясини баён қилади. Ҳокимлик матбуот хизматининг маълум қилишига кўра, ППХ ходимлари ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги боис суд машиналарини блокпостдан ўтишига йўл қўймайдилар. Бундан ташқари, ички ишлар бўлимига келтирилган ҳайдовчига нисбатан ҳеч ким куч ишлатмаган.

Ҳоким ва судьялар ўртасидаги жанжал катта шов-шувга сабаб бўлди. Ушбу ишни нафақат Бош прокуратура, балки Олий Мажлис Сенати ҳам ўз назоратига олди.

Шунга ўхшаш воқеа 15 июль куни Сирдарё вилоятида ҳам содир бўлди. Судья А.Эргашев ИИБ ходимларига кириб-чиқиш рухсат этилган блокпост орқали шаҳар ҳудудига кириши кераклиги ҳақида тушунтирмоқчи бўлганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари судьяга қўпол муомалада бўлиб, автомашинасини қўллари билан уриб, судьяни ўз автомашинасидан куч ишлатиш йўли билан мажбуран туширадилар. Мазкур воқеадан сўнг аҳволи ёмонлашган судья А.Эргашев тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан Сирдарё вилоят шифохонасига олиб кетилади. Кейинчалик Эргашевга енгил тан жароҳати олгани тўғрисида ташхис қўйилган.

Repost.uz маълумотига кўра, ППС ходимлари машина рулида ким ўтиргани билмаганлар. Улар ҳайдовчидан Тез ёрдам машинасини ўтказиб юборишини сўрайдилар, судья эса бунга парво ҳам қилмайди. Гувоҳлар эса бунинг аксини таъкидлайдилар: милиционерлар рулда судья борлигини билганлар, шунингдек ҳеч қандай Тез ёрдам машинаси бўлмаган. Бу маълумотга кўра, Эргашевнинг мияси чайқалган.

Ўзбекистонда 1 августга қадар автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов қўйилган. Шахсий машинада эрталабки соат 07:00 дан 10:00 гача ва кечки соат 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланиш мумкин. Олий Мажлис, суд, прокуратура, Ҳисоб палатаси, , омбудсмен, бизнес-омбудсмен, Марказий банк, вазирлик ва идоралар раҳбарияти, ҳокимият ва қатор давлат ташкилотларига қарашли хизмат автомобиллари бундан мустаснодир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ