Мирзиёев кўпроқ дастурлаш ва қурилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таълим йўналиши республиканинг кадрларга бўлган эҳтиёжига мос келмайдиган мактаб, коллеж ва техникумларни танқид остида олди. У республикада дастурчилар ва қурувчиларга эҳтиёж мавжудлигини билдирди. Танқид ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида янгради.

Жорий йилда мактабни битирган минглаб ёшларни иш билан таъминлаш керак бўлади. Ўзбекистондаги ишсизларнинг 732 минг нафари – ёшлардан, 834 минг нафари – аёллардан ташкил топган.

Ўзбекистонга бугунги даврда йилига камида 50 минг нафар профессионал қурувчига эҳтиёж бор. Бироқ, қурилиш йўналишида 170 та коллежда 13 минг мутахассис тайёрлаш режалаштирилган, холос.

IT-технологиялар бўйича “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бошланганига қарамай, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларга ушбу мутахассислик бўйича бор-йўғи 12 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.

Президент бу каби камчиликларни кўрсатиб, меҳнат бозорида ишчи касбларга реал эҳтиёжни ҳар бир тармоқ ва соҳа кесимида аниқлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқитиш дастури ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, кимё, автомобилсозлик, қурилиш, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, транспорт-логистика соҳасидаги йирик корхоналар ва кластерлар давлат берган имтиёз ва преференцияларга жавобан ўзлари учун ишчи-мутахассисларни тайёрлайдиган инфратузилмани барпо этишлари кераклиги таъкидланди.

Президент ҳар бир туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари ва олий ўқув юртлари қошида ахборот технологияларига ўқитиш марказлари ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Жорий йилда 380 минг нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар кесимида “манзилли режа”лар ишлаб чиқилиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқланган эди. Натижада ўтган олти ойда 270 минг нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди.

Мирзиёев июнь ойида давлат органларининг электрон хизмат кўрсатишга ўтиш суратларини танқид қилиб, ташкилотлар фаолиятининг рақамли трансформациясини янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ҳисобига кучайтиришни топширганди.

Ёшларнинг IT-саводхонлигини ошириш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига барча вилоятларда кам деганда рақамли технологиялар бўйича 100 та ўқув марказларини очиш топширилганди. Уларда дастурлашнинг асослари, электрон тижорат ва график дизайн бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилади.

Ўзбекистон расмийлари IT-паркларини ривожлантириш ҳисобига дастурчилар оқимини таъминлашга умид қилмоқдалар. Мирзиёев вилоятларга ташрифлари чоғида уларни тез-тез бориб кўриб туради. 2019 йилда Тошкентда Дастурли маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки очилган бўлиб, унинг шохобчалари Андижон ва Марғилонда ҳам ташкил этилди. 2020 йил охиригача шундай филиаллар Гулистон, Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззахда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ