Эгилган бошни қилич кесади

Қозоғистондаги «январь воқеалари»— Қантар изидан
Видеодан скриншот. Толдиқўрғондаги тартибсизликлар иштирокчилари Нурсултон Назарбоев ҳайкалини ағдариб ташлашмоқда

Қантардан икки йил ўтиб, Қозоғистон расмийлари содир бўлган воқеанинг якуний версиясига тўхталдилар – бу Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов бошчилигидаги хавфсизлик ходимлари томонидан уюштирилган давлат тўнтаришига уриниш эди. Оқўрданинг бошқа барча версияларини спекуляция деб аталади, аммо улар пайдо бўлишига тўсқинлик қила олишмади. Шу пайтгача мамлакат Қантар ва Элбаси сўзларини ёнма-ён қўймасликка ҳаракат қилмоқда, буни қилганлар эса, ўзларида фактлар йўқлиги сабаб, сўзларидан қайтишмоқда. Бироқ, президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ўзидан олдинги президентга нисбатан риторикаси тобора кескинлашиб бормоқда. Қозоғистонда Назарбоев ҳайкаллари олиб ташланмоқда. Унинг жиянларидан бири судланган ва тартибсизликлар натижасида етказилган зарарнинг ярмини тўлаган. Иккинчиси судни кутмоқда. Тафсилотлар «Фарғона» материалида.

Фильм

Январь ойи бошида Қозоғистон давлат телеканалларида «Қантар. Далат тўнтаришига уриниш. Бу қандай содир бўлганди» деб номланган 22 дақиқалик фильмда бўлган воқеаларнинг расмий версияси ва илгари намойиш этилмаган оператив кадрлар тақдим этилган. Фильмнинг таъкидлашича, воқеалар «тўлқинсимон» ривожланиши керак эди. Биринчидан, фитначилар одамларни кўчага олиб чиқадилар ва ур-сурни бошлаш учун намойишчилар сафига провокаторларни киритадилар. Иккинчи тўлқин 4-5 январь кунлари Олмаота шаҳрига тўғри келади. Бу тўлқин хаос муҳитини яратиши керак эди. Тўполончилар қурол дўконларини талон-тарож қилишади ва кўчаларда баррикадалар ўрнатадилар.

5-6 январь кунлари учинчи тўлқин маъмурий бинолар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, аэропортни тортиб олиш билан бошланади. Ташкилотчилар шу тариқа аҳоли орасида ваҳима уйғотиб, ҳукуматнинг ночорлигини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Тўртинчи тўлқин пайтида, Сурия сценарийсида бўлгани каби, радикалларнинг «уйқудаги» ҳужралари уйғониши керак эди. Бироқ, воқеа бунга етиб келмади.

Бўлиб ўтган воқеаларга масъул бўлган асосий «ёвуз» кимса Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов эди. Фильм муаллифлари январь воқеаларининг энг тўлиқ ва батафсил хронологиясини тўплаганликларини таъкидлашмоқда. Аммо унинг томошабинлари асосий саволларига жавоб ололмадилар ва оломасалар ҳам керак — Қозоғистон раҳбарияти Қантар билан боғлиқ ишлар бўйича судларни ёпди ва нима бўлганини расмий талқиндан фарқли равишда тушунишга бўлган ҳар қандай уринишларни бостиришга ҳаракат қилмоқда.

Йил бошидан республикада январь воқеаларига бағишланган иккита китоб нашр этилиши керак эди. Булар журналист Дониёр Молдабековнинг «Йил-январь» ва социолог Гулмира Илеулованинг «Аренадан майдонгача. Олмаота фожиаси билан яшаш». Босмахона биринчисини чоп этишдан бош тортди. Бу китоб мавзуси билан танишиш истаги бўлган хавфсизлик кучларининг босмохонага ташрифидан кейин содир бўлди. Иккинчиси нашр этилди, лекин бу асар китоб дўконларига етиб бормади. Иккала муаллиф ҳам ҳеч қандай сенсация ваъда қилмаган, улар фақат Олмаотада ўз кўзлари билан кўрганларини, шунингдек, бошқа гувоҳлар ва воқеалар иштирокчиларининг кўрсатмаларини ҳужжатлаштирган эдилар.

Расмийлар Қантар ҳақидаги ҳар қандай нашрни умуман тақиқлайди, деб айтиб бўлмайди. 2022 йил декабрь ойи охирида россиялик журналист Леонид Млечиннинг «Фожиали январь» китоби нашр этилди, унинг тақдимотида Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси дипломатлари иштирок этишди. 2023 йили қозоғистонлик ижтимоий фаол, Амалий иқтисодиёт тадқиқотлари маркази (AERC) илмий раҳбари Жаксибек Кулекеев ўзининг «Январь воқеалари: Оқўрда учун кураш» асарини қозоқ тилида чоп этди.

Ушбу муаллифларнинг асарлари ғоялар ва таъсирчан тафсилотлар билан тўла. Млечин тартибсизликлар пайтида Тўқаевни Қозоғистондан чиқиб кетишга қандай уринишгани, бунинг учун самолёт ва 25 миллион доллар нақд пул тайёрлашганини, бироқ президент рад жавобини берганини тасвирлаб берган. Ижтимоий тармоқлар ва «хабардор одамлар»га ишора қилиб, россиялик журналист «бош фитначи» Масимовнинг терговчиларга берган кўрсатмаларини ҳам эълон қилган. Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Қантардан кейин уч йил давомида мамлакатдаги энг юқори лавозимга қайтишни, кейин эса бу жойга муносиброқ одамни ўрнатишни ният қилган. Масимовнинг ўзига чексиз ваколатларга эга бўлган Бош вазир лавозими ваъда қилинган.

Тўполон пайтида Остонада бўлган Кулекеев ўзининг «Шапрашти»,Тўқаевни ҳокимиятдан куч билан олиб ташлашга доир операция ҳақида гапирган. Ушбу махсус операцияга тайёргарлик 2019 йили маълум бўлган. Унинг бошланишига Назарбоевнинг юрак хуружи ва кейинчалик соғлиғининг ёмонлашиши сабаб бўлган.

Кейинроқ, ORDA.kz бош муҳаррири Гулнора Бажкенова билан суҳбатда Кулекеев ўз китоби учун барча маълумотларни очиқ манбалардан олганини ва «Нурсултон булбули» аноним Телеграм каналидан «Шапрашти» операцияси ҳақидаги парчани олганини айтган.

«Менга у ерда ҳеч бўлмаганда кичик мантиқ бордек туюлди, деб тушунтиради муаллиф. — Мен бу маълумотдан фойдаланишга қарор қилганимнинг иккинчи сабаби шундаки, бундан олдин кўпчилик, жумладан, мухолиф газеталарда Шапраштиларнинг ўрни, Шапрашти операцияси ҳақида кўплаб материаллар чоп этилган эди. Шунинг учун буни жамоатчиликдан яширишнинг иложи йўқ, яъни одамлар билар эди. Шунинг учун мен бу ерда номаълум нарсаларни бермаганман».

Бажкенованинг муаллифга бу ростдан ҳам «Шапрашти» операцияси бўлганмиди, деган тўғридан-тўғри саволига, Жаксибек Кулекеев мужмал жавоб беради: «Ҳамма асосий ташкилотчи кимлигини қидиряпти. Бу вазиятдан энг кўп фойда олувчи ким бўлган? Ҳамма одамлар [унинг кимлигини] билишни, бу воқеаларда Элбасининг ролини, январь воқеаларини уюштиришда унинг оила аъзолари ролини билишни хоҳлашади. Менда бу ҳақда ҳеч нарса йўқ. Чунки қўлимда Элбасининг ушбу тадбирни ташкил этишда бевосита иштирок этганини кўрсатадиган бирорта ҳам факт йўқ».

Хотиралар

Нурсултон Назарбоев Қантар пайтида омма олдига чиқмаган ва ҳеч қандай баёнот бермаган. У ва унинг оила аъзолари Қозоғистонни тарк этган бўлиши мумкин деган тахминлар бўлганди. Бироқ, собиқ президент матбуот котиби бу миш-мишларни рад этди. Фақат 2022 йил 18 январида, тартибсизликлар бостирилганида, Назарбоев видеомурожаат қилиб, «Қозоғистон пойтахтида муносиб дам олаётганини ва ҳеч қаерга кетмаганини» айтади.

Қозоғистон собиқ раҳбарининг ўтган йил 1 декабрида чоп этган хотираларидан маълум бўлишича, у Олмаотада бўлганида нотинчликларга дуч келган. Назарбоев 17 йил давомида президент ишлари бўлимига раҳбарлик қилган ёрдамчиси Абай Бисембаевга миннатдорчилик билдириб, шундай ёзади: «Январь воқеалари пайтида оғир вазиятлар юзага келди, ҳатто менга тайинланган махсус хавфсизлик хизматига ҳам ишонолмай қолдим. Ва кейин мени машинасига ўтқазиб, Олмаота аэропортига олиб борган ва шу орқали синовли кунлар пайтида пойтахтда бўлишимни таъминлашга ёрдам берган шахс Абай Айдарханович эди. Бундай нарсалар унутилмайди».

Хотираларда январга бағишланган алоҳида боб бор, аммо бу парча у ердан эмас.

Биринчи президент қонли воқеалар пайтида қаерда бўлганини йўл йўлакай тилга олади, гўё бу ҳақда ҳеч қандай иддаолар бўлмагандай. Назарбоев, шунингдек, қандайдир хавф-хатарга дуч келганига шама қилиб, нафақат тартибсизликларга алоқадорликдан узоқлашади, балки уларга ўзини қарши ҳам қўяди.

Дарҳақиқат, собиқ президент Қантар ҳақида «уюшган экстремистик гуруҳлар», «оммавий тартибсизликлар» ва «террор ҳужумлари» ҳақидаги клишелардан фойдаланиб, ўзини олиб қочган ҳолда ёзади. У коронавирус пандемияси ва ҳукуматнинг нотўғри ишларини эслатиб ўтади, бироқ содир бўлган воқеаларнинг асосий сабабини ҳокимият учун кураш, деб атайди.

«2019 йили мен ўз ихтиёрим билан президентлик ваколатларимдан воз кечиб, Конституцияга мувофиқ, Сенат раисига топширганимда, кўпчилик буни душманлик руҳида қабул қилишди, буни мен аниқ биламан», деб ёзади Назарбоев.

«Менинг ворис танлашимга қарши бўлганларнинг баъзилари (албатта, яширинча) Президент лавозимини эгаллашни орзу қилишган. Аввалига улар мен билан норозилигини билдира олмадилар. Кейин улар сайловда халқнинг хоҳиш-иродаси орқали норозилигини билдира олмадилар.

Ҳар доим президентлар алмашинуви пайтида бўш ўринни тўлдиришга уринишлар бўлади. Албатта, одамлар менинг қариб қолганимни ва кетишни ўйлаётганимни билишарди. Аммо улар бу қачон бўлишини билишмасди. Бундан ташқари, бу жуда тез содир бўлдики, «талабгорлар» кеч уйғонишди. Мен шундай деб ўйлашга мойилман. Лекин бу менинг шахсий фикрим», — деб ёзади Нурсултон Абишевич.

Унинг фикрича, Тўқаевнинг мухолифлари 2021 йил 23 ноябрда фаоллаша бошлайди – шу куни Назарбоев ҳукмрон «Нур-Отан» (ҳозирги Amanat ) партияси раислигини президентга ўтказиш ниятини эълон қилади. Чунки партия етакчисининг сайловда ғалаба қозониш имконияти сезиларли даражада юқори бўлишига ишонилади.

nazarbayev.kz сайти фотосурати

Назарбоев январь ойининг биринчи кунларидаги қонли воқеалар ҳақида ҳеч нарса ёзмайди. Аммо шу билан бирга у намойишчиларни мувофиқлаштирган азалий душмани Мухтор Аблязов тимсолидаги радикал мухолифатга алоқадорликда айблайди.

Қозоғистондаги қочоқ банкир, Қозоғистонда тақиқланган ДВК ҳаракати етакчиси, ҳақиқатан ҳам ўзини норозилик намойишлари ташкилотчиси деб эълон қилишга уриниб кўрди, унинг биринчи кунларида очиқчасига «ухлаб қолгани», лекин бу кўпроқ ўзи ҳақида эслатишга уринишга ўхшарди ва бу «тўлқинни жиловлаш» деб аталади.

Боб охирида Назарбоев содир бўлган воқеанинг расмий версиясини сўзма-сўз такрорлаб, фитначиларга берилган ҳукм, унинг сўзларига кўра, уларга нисбатан «узоқ вақт ва синчковлик билан кўриб чиқилган»и ҳақида батафсил тўхталиб ўтади.

«К. Масимов ва А.Садиқуловлар давлатга хиёнат қилиш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш, ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, Д.Ергожин – ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш, ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, М.Осипов – мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилди. Карим Масимов 18 йилга ҳукм қилинди. Бошқалар ҳам тегишли жазога тортилди», — деб ёзади собиқ президент.

Аслида эса бундай эмас. Масимовнинг яна бир собиқ ўринбосари устидан суд жараёни шу йилнинг январь ойида бошланган. Унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини ҳаддан ташқари ошириб юбориш») билан айбланмоқда. Гап Назарбоевнинг жияни Самат Абиш ҳақида кетмоқда.

Томоққа тиқилган суяк каби

Самат Абиш МХҚ раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимидан 2022 йил 17 январида, КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистондан олиб чиқилаётган пайтда озод этилган эди. Давлат тўнтаришига уриниш бостирилган пайтдан бошлаб у «тергов орбитасида» бўлган, эҳтимол у билан фаол ҳамкорлик қилган, аммо гумондорнинг расмий мақомига эга эмас эди. Қантардан бир неча ой ўтгач, Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов журналистлар билан суҳбатда тергов Карим Масимов ва унинг уч собиқ ўринбосарига нисбатан айбдорлик далилларини тўплашга муваффақ бўлганини, аммо Самат Абишга қарши эмаслигини айтган.

Ҳозирча собиқ президент жияни январь воқеаларидаги роли кенг жамоатчиликка тушунарли эмас. Унга нисбатан жиноий иш анча кечроқ — фақат 2023 йил сентябрида ва собиқ ҳамкасблари ҳукм қилинган моддаларга қараганда анча енгилроқ модда бўйича қўзғатилган. Бу Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-бўлими собиқ бошлиғи Руслан Искаковнинг суддаги иштироки билан бир вақтга тўғри келди, у январь воқеаларида Абишнинг буйруғини бажарганини айтган. Абиш МХҚнинг 5-бўлимини назорат қилган, полковник Искаков эса унинг бевосита қўл остидаги одами бўлган.

Руслан Искаков ва Самат Абиш. cmn.kz сайти коллажи

Искаковнинг таъкидлашича, Олмаотадаги тартибсизлик пайтида Назарбоевнинг жияни унга бу шаҳарда тартиб ўрнатиш учун Қозоғистондаги таниқли криминал авторитет Арман Жумагелдиевдан (Дикий) ёрдам сўрашни буюрган. У бу буйруқни мутлақо асосли деб ҳисоблайди. Бироқ, кейинроқ Абиш ўзини четга олиб, Искаков ва Жумагелдиевни «айбдор» қилиб қўйган — энди иккаласи ҳам тартибсизликларни уюштирганликда айбланмоқда.

Терговчиларга кўра, Дикий Арман Миллий хавфсизлик қўмитаси куратори бошчилигида оломон устидан назорат ўрнатиши ва ҳокимиятга ултиматум қўйиш учун «халқ кенгаши»ни тузиши керак бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ва унинг одамлари намойишчиларни ушлаб, калтаклаган ва қийноққа солган. Натижада бир киши ҳалок бўлган.

Криминал авторитет бунинг тескарисини даъво қилмоқда: Искаков гўёки унга одамларни ҳокимятдан (кейинчалик ёниб кетган Олмаота мерияси биноси) қутқариш, намойишчиларни тинчлантириш ва ижтимоий объектларни ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган. Жумагелдиев бунга рози бўлган ва тартибсизлик ҳукм сураётган шаҳар марказига келган:

«Баъзилари полиция ходимларига ҳужум қилишди, бошқалари давлат тузумини ағдаришга чақиришди, яна бирлари ёдгорлик ёнида туриб: «Шал кет!», деб бақиришди. Айримлари қароргоҳга ташланишди, яна кимлардир ресторанларга ҳужум қилиб, у ердан спиртли ичимликларни олиб чиқишди, яна кимдир полиция ходимларидан тортиб олинган дубулға ва қалқонлар билан юришарди», — дея у кўрганларини шундай тасвирлаб берди.

Оломон ичида, дейди Жумагелдиев, унинг одамлари талончиларни қўлга олиб, полицияга топширишга ҳаракат қилишган, аммо ҳеч ким уларни қабул қилишни истамаган. Аслида, тартибсизликлар пайтида криминал авторитет хавфсизлик кучлари вазифасини ўз зиммасига олади — бу унинг ҳимоя чизиғи.

Арман Жумагелдиев. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Жумагелдиев адвокатлари орқали журналистларга содир бўлган воқеа ҳақидаги ўз версиясини етказди. Суд мажлисида Искаковнинг Назарбоев жияни буйруғини бажараётгани ҳақидаги баёноти янгради. Кейинчалик, ҳар иккала айбланувчининг суд жараёни ёпиқ ўтказилди ва уларнинг адвокатларидан маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисидаги тилхатлар олинди. Бироқ, Искаков қандайдир йўл билан ахборот блокадасини ёриб ўтишга муваффақ бўлади. МХҚ тергов изоляторидан у ташқарига иккита очиқ хат чиқаради (албатта, кимнингдир ёрдами билан). Биринчиси 2022 йили журналист Михаил Козачков томонидан нашр этилган, кейинчалик унинг ўзи бошқа иш бўйича тергов изоляторига тушиб қолади.

Иккинчиси, февраль ойи бошида, Россиянинг «Новая газета» веб-сайтида пайдо бўлади (Россиянинг ўзида хорижий агент сифатида тан олинган нашр, кейинчалик лицензиясидан бутунлай маҳрум қилинган). Бу хабарда бир қанча қизиқарли фикрлар бор: биринчидан, Искаков норозилик намойишлари бошланиши учун масъулиятни президент Тўқаев ва унинг ҳукуматига юклайди, улар гўёки аҳоли газ нархи ошишига ёмон муносабатда бўлишини билган, бироқ атайлаб бунга уринишган, улар шу йўл билан «нефть бозори»дан Назарбоевнинг куёви — Тимур Кулибаевни сиқиб чиқаришмоқчи бўлишган.

Иккинчидан, Искаков Олмаотада 20 минг жангари* бўлгани ҳақидаги дезинформация муаллифи сифатида собиқ Ички ишлар вазири Эрлан Турғумбаевни тилга олиб, шаҳар марказида жангарилар эмас, балки Олмаота ва унинг атрофида яшовчилар бўлганини таъкидлаган.

*Тўполон авжига чиққан пайтда президент Қосим-Жомарт Тўқаев аввалига халққа, сўнгра Twitterда 20 минг террорчи Олмаота шаҳрига ҳужум қилгани ва уларни йўқ қилиш зарурлигини эълон қилган. Кейинчалик бу твит ижтимоий тармоқдан йўқолиб қолади. Тартибсизликлардан деярли олти ой ўтиб, Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум чоғида президентдан шаҳардаги ҳужумчиларнинг ҳақиқий сони ҳақида сўралган. У 20 минг деган рақам ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ раҳбарияти томонидан берилганини, гап бутун мамлакат ҳақида кетаётганини айтган.

Расмий версияга кўра, президентга асосий фитначи сифатида Карим Масимов томонидан нотўғри маълумот берилган деб тахмин қилинган, чунки ўша пайтда ИИВ раҳбари лавозимини эгаллаб турган Ерлан Турғумбаевга нисбатан ҳеч қандай шикоят бўлмаган. Январь воқеаларидан кейин у лавозимини тарк этган бўлса-да, яна олти ой президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Вақти-вақти билан Интернетда унга қарши иш қўзғатилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган. Аммо улар «миш-миш»лигича қолган ва собиқ вазир «тергов орбитасига» тушиб қолмади.

Очиғи, Искаков ва Жумагелдиевнинг баёнотлари, шунингдек, айрим ижтимоий фаолларнинг Қантар пайтида майдонда ким бўлганини ва бу қонли воқеалар пайтида ким кимга қарши чиққанини аниқлашга уринишлари Оқўрдани асабийлаштирди. Жорий йил январь ойида «Казакстанская правда» газетасига берган катта интервьюсида Тўқаев қозоғистонликларни ҳар қандай спекулятив версияларга ишонмасликка чақирган эди (афтидан, гап расмий версиядан ташқари барча версиялар ҳақида кетмоқда).

«Тўғрисини айтаман: халқ қўзғолони ҳақидаги мунозаралар жиноий ҳаракатларни оқлашга ёрдам беради. Бундай масъулиятсиз, моҳиятан провокацион гаплар ҳақиқий бандитларни улуғлашга, жамиятда зарарли жиноий психологиянинг илдиз отишига олиб келади. Демак, улар миллий хавфсизлик ва халқ фаровонлигига зиён етказадиган янги тартибсизликларга чақиради. Бу жуда жиддий таҳдид. Шундай экан, давлат ва жамият қонунбузарликни қоралашда ҳамжиҳат бўлиши керак», — дейди Тўқаев.

Қозоқ журналисти Вадим Борейко Франкенштейннинг таъкидлашича, Қантарнинг алоҳида фактлардан йиғилган ва ўхшаш расмий версиясини танқид қилиш мумкин. Муаллиф биринчи навбатда ўзини зарбадан қутқаришдан манфаатдор бўлган тергов ҳибсхонасидан ташқарига чиқарган очиқ хатларига шубҳа билан қарай лозим. Бироқ, бундай «сизиб чиқишлар» нинг пайдо бўлишининг ўзи шуни кўрсатадики, Янги Қозоғистонни қураётган мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти кўзга ташганганидек монолит эмас. Демак, Оқўрда ҳозирча эътибордан четда қолдиришни маъқул кўраётган Искаковнинг провокацион баёнотлари ҳукумат позициясини «силташ»га бўлган сўнгги уриниш эмас.

Оила

Қантар матбуотда Қозоғистонни «Елбасидан тозалаш» деб номланган воқеалар занжирини бошлади. Биринчи президент деярли барча мақомларидан маҳрум бўлган ва авваллари мутлоқ дахлсиз бўлган унинг оила аъзолари жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи остида. Ҳозирча расмийлар Назарбоев қариндошлари ичида унинг жияни, Абишнинг акаси Қайрат Сатибалди (Сотибалдиули)га нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлди. Ҳозирда у йирик ўғирлик учун олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Ўтган декабрь ойида Сатибалди шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берган, бироқ суд унинг «нотўғри хатти-ҳаракатлари»ни пеш қилиб, уни рад этган.

Текширув бошланганидан бери ноқонуний капитални қайтариш тўғрисидаги қонунга асосан Сатибалданинг 1,4 миллиард долларлик активлари Қозоғистон бюджетига ўтказилди. Қантар томонидан етказилган жами зарар, президент аввалроқ айтганидек, 3 миллиард долларни ташкил этган. Яъни, Назарбоевнинг жияни бу миқдорнинг деярли ярмини қоплаган.

Ўтган ойлар ичида биринчи президентнинг собиқ қудаси Қайрат Боранбоевнинг ҳам ҳамёни анча енгиллаб қолди, бироқ у Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев, шунингдек, ҳозирда вафот этган укаси Болат қатори панжара ортидан шартли равишда озодликка чиқишга муваффақ бўлолди.

Авваллари андиша қилишга уринган Тўқаев бу йил бошида ўзидан олдинги президентнинг атрофидагилар ҳақида жуда қаттиқ гапирди. Унинг сўзларига кўра, Назарбоев сафдошларининг сиёсий ўйинлари деярли мамлакатни парчалаб юборишига сал қолган. «Мен катта ва кичик президентлар умуман бўлмаслиги керак деб ҳисоблайман. Кетсангиз, мутлоқ кетинг», — деб таъкидлади у.

Бу гап эгасини топиб борди ва у буни вазминлик билан қарши олди.

«Агар мен январь воқеаларидан кейин Қосим-Жомарт Тўқаевнинг босган барча қадамларидан бирдек хурсандман десам, бу ҳақиқат бўлмайди. Биз ҳаммамиз инсонмиз. Қолаверса, атрофингдагилар ва яқин қариндошларингга нисбатан қабул қилинган қатъий қарорларни мутлақо холислик билан қабул қилиш жудаям қийин», — деб ёзади Нурсултон Назарбоев ўз хотираларида. «Ҳолбуки, бир вақтлар ҳуқуқий жамият қуриш жараёнини бошлаб берган ва бу йўлда кўп қийинчиликларни, баъзи қариндошларим бошига тушган синовларни енгиб ўтган шахс сифатида бу синовларни нафақат улар учун, балки давлатимиз ҳукуматидаги ҳар бир инсон учун оғир сабоқ, деб ҳисоблайман. Зеро, мен учун ҳеч нарса қонундан устун эмас».

«Ахир, у ҳайкалку!»

Бутун мамлакат бўйлаб бирин-кетин собиқ президент ёдгорликлари йўқола бошлаши билан боғлиқ «Елбасидан тозалаш» вазиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Охирги ойларда Остонадаги Миллий мудофаа университети ҳудудидан Назарбоевнинг ҳайкали олиб ташланди. Қозоғистон Миллий музейи атриумидан кўргазмани янгилаш баҳонасида яна бир ҳайкал ғойиб бўлди.

Остонадаги Миллий мудофаа университети ҳудудидан олиб ташланган Нурсултон Назарбоев ҳайкали. Ижтимоий тармоқ коллажи

Олмаота метросининг «Олмали» бекатида ўрнатилган биринчи президентнинг портрети олиб ташланди. Ниҳоят, январь ойидаги тартибсизликлар иштирокчилари ағдариб, бир неча қисмга бўлиниб кетган Толдиқўрғондаги Назарбоевнинг тўрт метрли ҳайкали ҳам ўз жойига қайтгани йўқ, ўтган куни тунда унинг пойдевори олиб ташланди.

Бу воқеанинг ўзига хос кулминацияси ҳукуматнинг Назарбоевни собиқ иттифоқчиси, кейинроқ мухолифатга ўтган ва ўз уйида еган ўқлар жароҳатидан вафот этган, бироқ тергов уни ўз жонига қасд қилган деб хулосага келган сиёсатчи Замонбек Нурқадилов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарори бўлди. 2024 йили у 80 ёшга тўлган бўларди. Нурқадиловнинг туғилиб ўсган қишлоғи Кегенда (Олмаота вилояти) ҳайкал ўрнатиш тўғрисида қарор президент Тўқаев томонидан қабул қилинди. Унинг матбуот котиби Берик Уали давлат раҳбарининг мактубини Нурқодиловнинг қариндошларига шахсан топширди. «Халқ ўғлонлари номларини улуғлаш, меҳнатига муносиб баҳо бериш авлодларнинг бурчидир», – дейилади Мурожаатномада.

Баъзи оптимистлар бунда Назарбоевлар оиласидан, шунингдек собиқ президентнинг ўзидан қандайдир бадал сўралиши мумкинлигига шаъма борлигини қўришди.

Анна Козырева
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Қозоғистонлик журналист Луқпан Аҳмедяров Қантарга бағишланган ҳужжатли фильмни тақдим этди

  • Қирғизистон ҳукумати суд ёрдамида мустақил матбуотни репрессия қилаётгани ҳақида

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида