13 май куни тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган Renaissance Heavy Industries компанияси томонидан меҳнат шартномаси ва миграция қонунчилигини бузилгани бўйича маъмурий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Амур области прокуратурасининг матбуот хизмати хабар беради.
Амур газни қайта ишлаш заводи (ГПЗ) ишчилари ва раҳбарияти ўртасида келиб чиққан жанжалдан сўнг прокуратура вазиятни ўз назоратига олган. Қурилиш майдонига область прокутураси бошлиғи Руслан Медведевнинг ўзи ташриф буюрган. Заводга жалб қилинган ишчилар ҳуқуқларини текшириш учун прокуратуранинг вақтинча қабулхонаси иш бошлаган.
Текширувлар шуни кўрсатадики, компания ишга олган ишчиларига моддий ва ижтимоий ёрдам бермаган. Бундан ташқари, Renaissance Heavy Industries бир томонлама мингдан ортиқ ишчининг 14,4 млн рубль миқдорида ойлигини икки ойлик патент тўлови учун ушлаб қолган.
Бу ҳолат бўйича прокуратура компанияга нисбатан РФ КоААП 18.9 — моддаси 1- банди («Россия Федерациясида чет эл фуқаросини яшаш қоидалари») ва 5.27-модда 1-банди («Меҳнат қонунчилигини бузиш») билан маъмурий иш қўзғаган.
Шунингдек, прокуратура томонидан оммавий бетартибликларни бошлаган ташаббусчи ва фаол иштирокчиларга нисбатан РФ ЖКнинг 213-моддаси 2-банди («Безорилик», жазо — етти йилгача қамоқ) ва 212-моддаси 2-банди («Оммавий бетартибликда иштирок этиш» — саккиз йилгача қамоқ жазоси) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Амур заводи матбуот маркази компания ва ўзбекистонликлар ўртасида молиявий муаммо ҳал этилганини ва яқин соатларда мигрантлар ишга қайтишини маълум қилади. «Дастлабки текширувларда Renaissance Heavy Industries персоналининг ишчиларга бир неча ой давомида ойлик тўламагани факти тасдиқланмаган. Компания ишчилари ўз вақтида ойликларини олганлар. Режага кўра, патентга тўланган суммалар 15 июлда қайтарилади…вахтада узоқ вақт мобайнида ишлаётган ишчиларга қўшимча ҳақ тўлаш масаласи кўрилмоқда», — дея матбуот маркази хабарини етказади «РИА Новости».
Амур области губернатори Василий Орлов меҳнат мигрантлари билан учрашган ва шундан сўнг «ишчиларга кенг кўламда иқтисодий кўмак берилиши»ни маълум қилган.
Ғалаёнлар 13 июль куни Амур области Свободний районидаги Renaissance Heavy Industries компаниясининг вақтинчалик вахта шаҳарчасида содир бўлган. Можарода уч юзга яқин одам иштирок этган. Видеоёзувлардан махсус ишчи кийимларини кийган бир неча ўнлаб одамлар тош отиб офисдаги буюмларни синдираётганларини кўриш мумкин. Видеоёзувлардан бирида ОМОН (Махсус тайинланган милиция отряди) келиб тўпланганларни тўзитиб ҳайдагани кўриниб турибди.
Ҳодиса содир бўлган ерга ўта муҳим бўлган ишлар текшируви бўйича бўлим терговчилари ҳамда тергов бошқармасининг криминалист терговчилари юборилган. Шунингдек, содир бўлган ҳодисанинг тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясини таъминлаш учун элчихона бош консули ташриф буюрган. Ҳозирги пайда қурилиш майдонида ишлар штат режимида давом этмоқда. Лойиҳада жами 29 мингта ишчи жалб этилган.
Renaissance Heavy Industries компанияси RC Rönesans İnşaat Taahhüt A.Ş. (Туркия) бизнес гуруҳининг йўлдош компанияси ҳисобланади. У нефтгазкимё, тоғ-кон металлургия қайта ишлаш саноати ва энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширади. Бизнес гуруҳи Россия, Туркманистон, Туркия, Ироқ, Қозоғистон ва Мозамбикдаги қурилишларни бунёд этмоқда. 2020 йил июнда компания Тошкент вилоятида «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятига тегишли мажмуани қура бошлади.