Адлия вазирлиги COVID-19 га қарши кураш дастурининг маҳфийлик сабабини тушунтириб берди

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилган бўлиб, давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли ушбу маълумотларни ошкор қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов вазирликнинг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида чоп этган мақоласида сўз юритади.

Бундан ташқари, «дастур битта ҳужжат эмас, комплекс чоралардан иборат бўлгани боис у норматив ҳуқуқий акт ҳисобланмайди ва унинг чоп этилиши шарт эмас», дейилади мақолада.

«Унда асосан вазирлик ва идораларга фуқароларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муайян вазифаларни бажариш бўйич асосан ташкилий чоралар кўзда тутилган. Ниҳоят, Дастур юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди, умуммажбурий қоидалар киритилишини кўзда тутмайди», — дейди Адлия вазири ўринбосари.

Мулозимнинг таъкидлашича, коронавирусга қарши кураш жараёни содир бўлаётган воқеаларга тезкор муносабат билдириш ва эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига нисбатан сафарбарлик ва бошқа резервларни ишга солиш бўйича қарорларни кечиктирмасдан қабул қилиш лозимлигини кўрсатди, бу борадаги маълумотлар эса чекланган характерга эгадир.

«Шунинг учун Махсус комиссия протоколлари қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда, — дейди Икромов. — Протоколларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари расмий ахборот кўринишида мажбурий тартибда мавжуд барча коммуникация каналлари орқали тарқатилади».

«Махсус комиссия қарорлари аҳолига ўз вақтида етиб бормаслиги, коронавирус билан кураш бўйича ахборот етишмаслиги ҳақидаги мулоҳазалар асосга эга эмас, деб ўйлаймиз», — дея фикрини якунлайди вазир ўринбосари.

Ўзбекистонда карантин ўрнига фавқулодда вазият эълон қилинмаганидан норози бўлган ўзбекистонликларни вазир ўринбосари «диванда ўтириб олган маслаҳатчилар», деб атайди. Мақоладан мақсад, карантинни танқид қилаётганларга ушбу режим «тўғри қабул қилинган ва натижа бераётган» чора эканини кўрсатиб қўйиш эди.

Икрамов яхши натижа сифатида республикадаги ўлим миқдори 1 млн аҳолига 2 та одам тўғри келишини кўрсатади. Ҳолбуки, дунёнинг 35 та давлатида ушбу миқдор 1 млн аҳолига 100 дан 1230 тагача ўлимга баробар, жаҳон бўйича ўртача 1 млн нуфузга 72 та инсон ўлими тўғри келмоқда. «Ўзбекистон бу борада 159-ўринда жойлашган, агар мамлакатимиз аҳолиси сонини инобатга олсак, бу энг яхши кўрсаткичлардан биридир. Бошқа томондан, бу ҳолат Ўзбекистон чеклов чораларини ўз вақтида киритиш эвазига 2,5-20 минггача бўлган кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолганини англатиши мумкин», — дейди Икрамов.

13 июль куни Ўзбекистонда пандемия тарихида рекорд ўрнатилди — бир кунда 594 нафар одамнинг COVID-19 га чалингани қайд этилди. Беморларнинг сони 13 591 та одамни ташкил этди. 1 августга қадар мамлакатда кескин карантин чоралари кўрилди — буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар ёпилди. Белгиланган муддат ичида спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар ишламайди, 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ