Амур Газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаётган ўзбекистонлик қурувчилар оммавий тартибсизликларни келтириб чиқардилар. Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган, дея хабар берилади Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Амур области бошқармасининг сайтида. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўзининг саҳифасида маълум қилишича, инциндент “назоратга” олинган.
Ғалаёнлар 13 июль куни Амур области Свободний районидаги Renaissance Heavy Industries компаниясининг вақтинчалик вахта шаҳарчасида содир бўлган. “Пудратчи ташкилот ишчи-ходимлари ва уларнинг раҳбарияти орасида меҳнатга рухсат берувчи патентларга харажатларни қоплаш тартибига оид қисми бўйича келишмовчиликлар оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди”, — дея можаронинг асл сабабларини тушунтириб бердилар Тергов қўмитасидагилар.
Лойиҳа буюртмачиси “Газпром переработка Благовещенск” МЧЖ ТАСС ахборот агентлигига компаниянинг идораси жойлашган иморатларига шикаст етказилганини маълум қилган эди. Можарода уч юзга яқин одам иштирок этган. Видеоёзувлардан махсус ишчи кийимларини кийган бир неча ўнлаб одамлар тош отиб офисдаги буюмларни синдираётганларини кўриш мумкин. Видеоёзувлардан бирида ОМОН (Махсус тайинланган милиция отряди) келиб тўпланганларни тўзитиб ҳайдагани кўриниб турибди.
Шунингдек, Росгвардия жангчилари ғазабдан жунбушга келган мигрантлардан тумтарақай бўлиб қочаётганлари қайд этилган видеоёзув ҳам бор.
Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 212-моддаси иккинчи қисми бўйича (“оммавий тартибсизликларда иштирок этиш”) жиноят иши қўзғатилган. Қурилиш майдони ҳудуди қуршаб олинган. Пудратчи ташкилотнинг ишчи-ходимларига ойлик иш ҳақи тўланмагани тўғрисида терговгача текширув ва бухгалтерлик ҳужжатларини ўрганиш ташкил этилган.
Ҳодиса содир бўлган ерга ўта муҳим бўлган ишлар текшируви бўйича бўлим терговчилари ҳамда тергов бошқармасининг криминалист терговчилари юборилган. Шунингдек, содир бўлган ҳодисанинг тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясини таъминлаш учун элчихона бош консули ҳам Узоқ Шарққа қараб йўл олган.
Амур Газни қайта ишлаш заводи қурилиши Амур областининг Свободний шаҳрида олиб борилмоқда. Завод тўла қувват билан ишга киритилиши 2025 йилга режалаштирилган.