Афғонистон АҚШ билан тинчлик битимидан сўнг “Толибон” ҳужумлари кучайиб кетганини эътироф этмоқда

Айбакдаги теракт. Afghanistan.liveuamap.com сайти фотосурати

Афғонистонда АҚШ билан тинчлик битими тузилганидан сўнг “Толибон” (Россия ва бошқа қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ҳаракати) ҳужумларининг сони кўпайиб кетди. Беш ой давомида 21 январдан 17 июнгача толиблар 5943 та ҳужумни амалга оширдилар, шу пайтнинг ўзида афғон ҳукумати кучлари хорижий мамлакатлар қўшинлари кўмагида уларга қарши 1569 та ҳарбий амалиёт ўтказдилар. Бу каби маълумотларни TOLOnews нашри Афғонистон хавфсизлик хизматига таяниб тақдим этади.

Рақамлар зўрлик камаймай, аксинча кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Агар 21 январдан 19 февралгача, тинчлик битими тузилишидан бир ой олдин толиблар 915 та ҳужумни, афғон ҳукумати қўшинлари эса 613 та амалиётни амалга оширган бўлсалар, келгуси ой ичида уларнинг сони 1378 тагача ўсиб, аксилтеррорчилик операциялари эса 209 тагача камайди.

20 мартдан сўнг (22 март куни ҳукумат ва “Толибон” масофадан туриб музокараларнинг биринчи раундини ўтказиб, асирларни алмаштириш масаласини муҳокама қилиб олдилар) ҳужумлар камайди, бироқ улар бир ой олдинги ҳолатга қараганда барибир кўп эди. 20 мартдан 20 апрелгача 1250 та, 20 апрелдан 20 майгача – 1271 та, 20 майдан 17 июнгача эса 1155 та ҳужум амалга оширилди. Ҳужумлар 11 дан 18 мартгача ўтган ҳафта давомида авжига чиққан (511 та).

Битимнинг нафақат зўравонликни камайтиришга оид қисми, балки америкалик ҳарбийлар контингентини қисқартиришга оид қисми ҳам бажарилмай қолмоқда. Шартномага мувофиқ, бешта ҳарбий базадан Америка қўшинларини олиб чиқиш режалаштирилган эди, лекин улар ҳозирча ўз жойларида қолмоқдалар.

Пентагоннинг июнь ойида чоп этган маърузасида айтилишича, “Ал-қоида”нинг (Россия Федерациясида тақиқланган яна бир террорчилик ташкилоти) афғон шохобчаси толиблар билан яқиндан алоқа ўрнатган бўлиб, америка ҳарбийларига ҳужумларидан манфаатдор бўлиб қолмоқда. Битим шартларига мувофиқ, толиблар бошқа террорчилик гуруҳлар билан ҳамкорликни тўхтатишлари керак.

Афғонистон шимолидаги Саманган провинциясининг маъмурий маркази Айбак шаҳрида 13 июль душанба куни соат 11 да теракт содир этилган: террорчи-ҳудкуш миналар жойлаштирилган автомобилини хавфсизлик бошқармасининг биноси олдида портлатиб юборган. Ҳужум учун масъулиятни “Толибон” ҳаракати ўз зиммасига олган.

Pajhwok маълумотига кўра, теракт натижасида кам деганда 8 киши ҳалок бўлган, 53 киши яраланган. Яраланганлар орасида ҳам ҳарбий хизматчилар ва ҳам тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан, учта бола ва бир аёл бор бўлган. Толибларнинг вакили Забиҳулло Мужоҳид афғон хавфсизлик хизматининг 70 нафар разведка ходимлари ўлдирилгани ҳақида ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган.

Америка Қўшма Штатлари “Толибон” билан тинчлик битимини февраль ойининг охирида Қатарда имзолаган. Келишувга мувофиқ, АҚШ ва НАТО қўшинлари (14 мингга яқини америкалик ҳарбий хизматчилар ҳамда АҚШнинг альянс бўйича иттифоқчиларининг 17 минг нафар ҳарбийлари) 14 ой давомида мамлакатдан чиқиб кетиши керак эди. Толиблар тинчлик тўғрисидаги битимнинг шартларидан бири сифатида афғон турмаларида сақланаётган бир неча минг тарафдорларини озодликка чиқаришни талаб қилган эдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ