COVID-19 нинг енгил формасига йўлиққан беморлар уйда даволанганда бошқа оила аъзоларидан ажратилган бўлиши керак. Уларга кўпроқ суюқлик ичиш ва қўлларини тез-тез ювиб туриш тавсия этилади. Бу хақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган, COVID-19 нинг енгил формасига йўлиққан беморларнинг уйда даволанишга доир қўлланмада сўз юритилади, деб хабар беради «Газета.uz».
Бемор ётган хона ҳавоси тез-тез шамоллатиб турилиши лозим. Беморнинг уйда кўп ҳаракатланиши тақиқланади, у кўпроқ кўрпа-тўшак қилиб ётиши керак. Беморга қараётган инсон ҳимоя ниқобида бўлиб, бемордан тарқалган биологик суюқликка тегиб кетишдан ўзини асраши керак. Беморнинг алоҳида чойшаби ва идиш-товоғи бўлиши лозим. Унинг кийимлари 60−90 даража иссиқ сувда ювилади.
Участка врачи ҳар куни бемор уйига қўнғироқ қилиб, касалнинг аҳволидан хабар олиб туриши, ундаги ўзгаришларни қайд этиб бориши керак. Уч кундан кам бўлмаган миқдорда видеоконсультация ўтказиши зарур. Беморда клиник симптомлар кучайса (бадан ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, нафас олиш қийинлаши, ҳансираш) уни инфекция стационарига юбориш талаб этилади.
COVID-19 енгил турида инсон танасининг 38 даражага қизиши, терлаш, мадорсизлик, йўтал, тумов ёки томоқдаги оғриқ, таъм сезиш ёмонлашуви, баданнинг зирқираб оғриши, бош оғриғи, ҳидни сезмаслик содир бўлади. SARS CoV-2 коронавируси тести мусбат чиққан бемор симптомсиз касал ҳисобланади, гарчи унда клиник аломатлар сезилмасада.
COVID-19 енгил формасига чалинган беморларга даволаниш ёки профилактика мақсадида антибиотик дорилар тавсия этилмайди. Беморнинг оғриғини тушуриш учун парацетамол ёки ибупрофен берилиши мумкин. Тумов пайтида бемор бурун катакларини ҳўллайдиган ва бурун оқишига қарши воситалардан фойдаланса бўлади. Бронхитнинг комплекс даволаниши учун— мукоактив, бронхолитик ва бошқа воситаларни ишлатиш мумкин. Беморнинг кўпроқ илиқ суюқлик истеъмоли тананинг токсик моддалардан тозаланишига, ундаги сув балансини ушлаб туришга ёрдам беради.
5 июлдан коронавируснинг аломатсиз турига йўлиққан беморларга уйда даволанишга рухсат берилди. Бироқ, уларнинг уйи ИИВ, Миллий гвардия ва Маҳалла вазирлиги назорати остида бўлади. Ўзбекистонликлар туну-кун ишлайдиган колл-марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Тошкентликлар 1105 рақамига, бошқа вилоятлар аҳолиси – 1003 рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Беморларнинг кескин кўпайиши ва ўлим ҳолатларининг ўсиши натижасида ҳукумат 10 июлдан 1 августга қадар бутун республика ҳудудида карантин чораларини кескинлаштирди. 10 июлдан 1 августга қадар тўйлар ва оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади, бозорлар, йирик дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар, истироҳат боғлари, болалар боғчалари ва санаторийлар ёпилади, ходимлар масофадан туриб ишлашга ўтказилади.
Бу муддат ичида буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар ёпилади. Белгиланган муддат ичида спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар ишламайди, 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади. 13 июлдан Ўзбекистон ичида авиа ва темир йўл қатновлари тўхтатилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 13 июль эрталаб мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг сони 13 193 нафарни ташкил этган, ундан 7852 киши тузалиб кетган, 61 та одам инфекциядан ўлган.