Тошкентлик ишбилармон Муҳаммаджон Ҳамидов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, унда карантин пайтида соғломлаштириш вазифасини ўтовчи спа-салонларнинг ишлашига рухсат сўраган, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.
Ҳамидовнинг пойтахт Чилонзор туманида фаолият юритаётган спа-салони 23 мартдан бери ёпиқ. У ерда 12 нафар мутахассис ишлаган. Ҳозирда бу салон банкротлик ёқасида. Ишбилармон ҳукуматнинг бизнесга нисбатан оқилона карантин чораларини қўллаши лозимлигини айтади, йўқса кичик бизнес навбатдаги локдаун зарбини кўтара олмайди ва синади.
«Йил сўнггига қадар иш фаолиятимизни бошлолмаслигимизни гапиришяпти. Ижарачи ҳозирча бино ижараси пулини сўрамаяпти, лекин буниям чегараси борлигидан огоҳлантирди. Салонга бир ойда 2 миллион сўм сарфлайман ($200га яқин). Мен ўтган тўрт ой ичида бир тийин ҳам ишлаб топмадим. Агар салонни очмасам, ижара пулини тўлолмаслигим сабаб умуман бизнесимни тўхтатишга мажбур бўламан. Ҳозирги кунда вилоятдан келиб ишлаётган бешта мутахассисим ойликсиз, яшаётган уйига ҳақ тўлолмай кўчада қолиши мумкин», — дейди Ҳамидов.
Ҳамидов агар ишлашга рухсат берилса, санитария-эпидемиология қоидаларга қаттиқ риоя қилишини, даставвал мижозларнинг ҳароратини ўлчашини, ҳимоя воситаларидан фойдаланишини, ҳаттоки салонда коронавирус юқтирилган ҳолатда бунинг учун жарима тўлашга ҳам тайёр эканини айтади. «Мен бор пулимни мана шу бизнесимга тикканман ва менда бошқа бизнесни бошлашга пул йўқ», — дейди у.
Ҳамидовга кўра, салон ортопедик муаммоларга йўлиққан мижозлар билан ишлайди ва айримларнинг мунтазам даволаниб туриши муҳим. Ишбилармон икки йиллик меҳнат эвазига орттирган мижозларини йўқотаётганидан қайғуга ботади. Шу билан бирга бизнесмен пештоқида бошқа нарса илинган, аслида фоҳишалик билан шуғулланаётган спа- ва массаж салонларининг ишлаётганига ишора қилади.
Ҳамидов 1000 АҚШ доллари пора эвазига салон шаклини қайта рўйхатдан ўтказиб, ишларни давом эттиришни таклиф қилишганини айтади. Унга кўра, кўпчилик мана шундай йўлга ўтиб олган, Тошкентдаги бешта спа-салон карантин пайтидаям ишлаяпти, чунки унинг ортида «муҳим одамлар бор».
23 март ҳукумат қарорига кўра, коронавирус хавфи туфайли бошқа объектлар қатори Ўзбекистонда спа- ва массаж салонларининг фаолияти ҳам тўхтатилган. 1 августгача жорий этилган янги чекловларда, шунингдек гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар фаолияти ҳам тақиқланган.
Бу муддат ичида буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар ёпилади. Белгиланган муддат ичида спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар ишламайди, 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади.
Ўзбекистонда бир кунда COVID-19 вирусига чалинганларнинг сони 192 нафарга ошган. Улардан 142 таси Тошкентда, 25 таси Наманган вилоятида, 20 нафари Бухорода ва 9 таси Фарғона вилоятида аниқланган. Республикада инфекцияга чалинганларнинг умумий сони 13,2 минг кишини ташкил этади, бугунга қадар ушбу вирусдан 7852 киши соғайган, 61 та одам ўлган.